Собиқ транспорт министри Аргинбек Малабаев Сокулук районида аварияга учраган. Милиция фаразига кўра, Малабаев кетаётган машина йўлдан четлаб, думалаб кетган. Автомобил ҳайдовчиси ҳалок бўлиб, Малабаев ва яна икки йўловчи эса касалхоанинг жонлантириш бўлимига етказилган.
Авария 27-январь куни тунда юз берган. Чуй вилоятининг Йў харакати хавфсизлигини таъминлаш бош бошқармасининг билдиришича, ҳайдовчи автомобилни бошқара олмай қолгани сабабидан, машина Белогорка қапчиғайидаги жарга тушиб кетган.
Ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган. Малабаев ва яна икки йўловчи эса Бишкекнинг травмотология ҳамда ортопедия марказига етказилган.
Соғлиқни сақлаш министрлигининг матбуот котиби Жилдиз Айгерчинова аварияда собиқ министр Малабаев жабрланганини тасдиқлаб бера олмади. У «бундай маълумотни тарқатишга ҳаққи йўқлигини» билдирди.
Бишкекнинг травмотология ва ортопедия марказининг бош шифокори Алмаз Кубатбеков «Клооп»нинг журналистига Малабаевнинг аҳволи «қаноатланарли оғир» деб тушунтирди.
«Унинг қобурғалари синган. 3 қобурғаси [синган], бош мияси чайқалган», — деди Кубатбеков.
Аргинбек Малабаев 2015 йили транспорт министри лавозимида ишлаган. У Бишкек — Қорумду йўлини таъмирлаш бўйича тендерга боғлиқ жанжал ортидан ишдан кетган.
Унинг даврида Хитойнинг «Лонг Хай» компанияси йўлни таъмирлаш бўйича тендерни лицензиясиз ютиб олган.
Бу ўша вақтда премьер-министр бўлган Темир Сариев билан Аргинбек Малабаевнинг ўртасидаги келишмовчиликка сабаб бўлган.
Сариев қонун бузарликнинг сабабини Транспорт министрлигининг беэътиборлиги деб ҳисоблаб, Малабаевни ишдан бўшатишни таклиф қилган. Малабаев ўз ўрнида Сариевни «Лонг Хай» компаниясининг манфаатларини ҳимоя қилишда айблаган. Жанжал ортидан икки амалдор ҳам ўз амалидан кетган.
Ҳаммуаллиф: Эмил Султаналиев