Қирғизистон ҳукумати «Мегаком»ни сотмайдиган бўлди

555
«Мегаком» компаниясининг Бишкекдаги идораси

Бу ҳақда «Мегаком»нинг раҳбари Акилбек Жамангулов билдирди. Унинг айтишича, қарорни президент Сооронбай Жээнбенков ҳамда премьер-министр Мухаммедкалий Абилгазиев қўллаган. Бунгача алоқа операторини бир неча бор сотишга уринишган.

Акилбек Жамангулов компанияни сотишдан воз кечишни «Озодлик»нинг қирғиз хизматига берган интервьюсида «сиёсий қарор» деб атаган.

«Компания давлатга даромад олиб келиши керак. Биз 100 фоиз давлатга тегишли бўлган намунали ширкат қуришга харакат қиляпмиз», — деб билдирди у.

Унинг айтишича, мазкур қарорни президент Сооронбай Жээнбеков ҳамда ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиев қабул қилган.

Жамангулов охирга беш йилда алоқа оператори давлатга 20 млрд сом дивиденд тўлаганини қўшимча қилди.

Акилбек Жамангулов «Мегаком»ни 2018 йилнинг 24-октябридан бошқара бошлаган. Унгача у «Республика — Ата-Журт» партиясидан парламентнинг депутати бўлган.

«Мегаком»ни сотиш

Алоқа оператори Қирғизистонда 2006 йилдан ишлай бошлаган. 2010 йилдаги апрель революциясидан кейин эса компания миллийлаштирилган.

Ҳукумат «Мегаком»ни 2015 йилдан бошлаб бир неча марта сотишга харакат қилган. Компаниянинг дастлабки баҳоси 19 млрд сом деб белгиланган эди.Бироқ компанияни сотиб олувчилар йўқлиги сабабли унинг баҳоси 13 млрд 700 млн сомга камайтирилган.

Алоқа операторини сотиб олиш ниятини билдирган охирги компаниялардан бири Россиянинг премьер-министри Дмитрий Медведевга ва унинг ҳамкорларига тегишли экани маълум бўлган.

Ҳаммуаллиф: Асел Осмонгазиева