«Чипталар арзонлаб, парвоз вақти қисқаради». Жээнбеков «очиқ осмон» бўйича қонунга қўл қўйди

590
Сооронбай Жээнбеков президент самолётидан чиқиб келаётган вақти. Сурат: Қирғизистон президентининг матбуот хизмати

Президент Сооронбай Жээнбеков Қирғизистон устидаги осмонни хорижий авиакомпаниялар учун очиқ қилувчи қонун лойиҳасини мақуллади. Лойиҳанинг ташаббусчиларининг фикрича, «очиқ осмон» авиачипталарнинг баҳосини камайтириб, рейсларнинг сонини кўпайтириш имкониятини яратади.

Жээнбеков Ҳаво кодексининг тузатишларига қўл қўйди  — энди халқаро рейслар Қирғизистон орқали транзит билан уча олишади. Бу хорижий самолётлар қирғиз аэропортларига қўниб, йўловчиларни ёки юкларни олиб, ундан нари учиб кета олишларини англатади.

Лойиҳа ташаббусчиларининг айтишича, «Очиқ осмон»нинг сиёсати авиабилетларнинг баҳосини 40 фоизга қадар пасайтириб, Осиё, Европа ҳамда Яқин Шарқ ўлкалари орасидаги транзитнинг ҳисобидан парвозлар географиясини кенгайтиради.

«Биз учун бунинг фойдаси кўп. Сайёҳлар билан сармоядорлар кўпайиб, билетлар арзонлайди ва парвоз вақтлари қисқаради», — деди депутат Абдивахап Нурбаев.

Энди ҳукумат ярим йил ичида барча керакли норматив актларни ишлаб чиқиши керак.

«Эйр Манас» компаниясининг гендиректори Талгат Нурбаев «очиқ осмонни» киргизишга қарши чиққан  —унинг айтишича, хорижий авиакомпаниялар маҳаллий компанияларни «ўлдириши» мумкин. Давлат маҳаллий авиакомпанияларни қўллаши керак деб Нурбаев қўшимча қилган.

Премьер-министр Мухаммедкалий Абилгазиев жавоб беришича, маҳаллий авиакомпаниялар чет эл компаниялари билан «холис рақобат қилиб», хизмат кўрсатиш даражасини юқорилатиши керак.

Қирғизистоннинг барча 13 авиакомпанияси ҳам Евроиттифоқнинг «қора рўйхатида» — уларнинг самолётлари хавфсизликнинг европа талабларига жавоб бермагани учун Европанинг устида парвоз қилиши тақиқланган.