Айгеримнинг (исми ўзгартирилди)оиласи Қоракўлда бундан етти йил аввал қурилган сув тозаловчи қурулмаларга яқин яшайди. Шунга қарамай унинг уйидан махсус фильтр тозалай олмайдиган даражада кир сув чиқади.
Унинг турмуш ўртоғи кунига 15 литр сув сотиб олади, чунки оиласи водопроводдан оққан сувни ичишдан хавфсирайди.
«Мен бу сувни болаларимга фильтрдан ўтса ҳам ичирмайман. Бу сувни ичишинг билан ичинг ўта бошлайди, биз сув қувиридан оққан сувни умуман ичмаймиз. Қанча марта маҳаллий органларга мурожаат қилдик, сув барибир кир», — деб арзланади Айгерим.
Қоракўлнинг яна бир турғуни Чолпон водопроводдан оққан сувни филтьрдан ўтказибгина қолмай, қайнатишга ҳам тўғри келишини айтмоқда. У қувурлардан «қум аралаш кир сув» чиқиб, шу важдан сантехника доимо бузилиб қолишини қўшимча қилди.
«Фильтрнинг насадкаларини тез-тез алмаштираман, сантехниканинг бари қумга, кирга тўлиб, ишдан чиқиб қолади. Тозароқ ювиниб, кир ҳам юва олмайсан. Энг алам қиладигани эса назоратчилар келиб олиб тип –тиниқ сув бераётгандек сувнинг пулини талаб қилишади», — дейди Чолпон. Бошқа қоракўлликлар эса фильтрларни тозалагандан кейин қурт-қумурсқаларни топишганини айтишмоқда.
Сув қувурлари 1950 йиллари Қоракўлда шаҳар сув канали қурилгандан бери таъмирланмаган. Фақатгина 2011 йили Швейцария грантига сув тозаловчи қурилмалар қурилган. Унга уч йил ва 190 млн сомдан ортиқ маблағ кетган. Аммо шаҳарликлар ундан кейин ҳам сув тоза бўлмаганини айтишмоқда.
«Ёғингарчиликдан кейин водопроводдан дарров кир сув оқа бошлайди», — деб норози бўлишди улар.
«Сифатни бир оз йўқотамиз»
Сув тозалаш қурулмалари Қоракўлнинг четида жойлашган. У ерда бир қаватли кичик бинолар бор. Бир неча босқичдан тозаланиб ўтувчи сув шаҳарликларга боради. Тозалаш тизимининг бари автоматлаштирилган, шу сабабдан қурулмаларда икки оператор ва бир назоратчи ишлайди.
Сув тозаловчи қурулмаларнинг етакчиси Мелис Баялиев ёзда ичимлик суви лойқа бўлиб қолишини, чунки турғунлар уни суғориш учун фойдаланишини айтмоқда — бу оз кўламли ишга мослаштирилган фильтрларга куч келтириб қўяди.
Бу ҳақда Қоракўл сув каналининг бош инженери Мирлан Абилов ҳам айтмоқда. Унинг айтишича, шаҳар яшовчиларининг 70 фоизи экин суви билан таъминланмаган, шунинг учун улар ҳовлиларини ичимлик суви билан суғоришади.
«Биз турғунларимизни тушуниб, уларга экин суви учун ичимлик сувини қўлланишга рухсат берамиз, лекин аслида бундай қилиб бўлмайди. [...] Ёзда сувни фойдаланиш суткасига 40-45 минг куб метргача кўпаяди. Дастлаб қурулмалар 20 минг куб метргагина ҳисоблаб қурилган. Биз кўламга ишлаганда сифатни бир оз йўқотиб қўйяпмиз», — дейди у.
Абилов Осиё тараққиёт банкининг қўллови билан Қоракўлда сув тозалаш учун тиндиргич қурилганини, лекин фойдаланишга хали топширилмаганини айтиб берди. Шунга қарамай у шаҳарда сув зарарсизлантирилади, шу сабабдан у соғлиқ учун зарарли эмас дейди:
«Сув ҳозир бир оз кир, кир деганим рангигина кир. Бактериал анализ жиҳатидан эса муаммо йўқ».