Биринчи қирғиз космонавти Атамбаев билан учрашувга қўйилмади

1279

Қирғиз космонавти Солижон Шарипов президент Алмазбек Атамбаевнинг Москвадаги ватандошлари билан бўлган учрашувига қўйилмади. Аввалроқ матбуотда Атамбаев космонавтни 2010 йилги миллий низоларда алоқаси борлиги ҳақида айтгани хабар қилинганди — Шариповнинг ўзи бу айбловни «тушунмовчилик» деб атади.

«Клооп» мухбири билан суҳбатда Шарипов 23 феврал куни президент ўз ватандошлари билан ўтказган учрашув рўйхатида ўз исмини топмаганини айтди.

«Учрашувга рўйхат бўйича киргизишди. Мен таклиф қилинган бўлганимга қарамай, мен рўйхатда йўқ эдим», — деди космонавт.

Бу воқеадан олти кун аввал «Вечерний Бишкек» газетаси Атамбаев Қирғизистон жанубидаги 2010 йилги миллий низоларга Шариповни алоқадорликда айблаганини ёзган.

«Қирғизистон биринчи космонавти Ўш воқеаларини уюштирган бўлиши мумкин», — иқтибос келтиради рўзнома Атамбаев сўзларидан.

Газетанинг хабар қилишича, бу сўзларни президент Ўш давлат университети талаблари билан 17 февралда кечган учрашуви чоғида айтган.

«Вечерний Бишкек»ка кўра, президент Атамбаев космонавтнинг мазкур воқеага алоқадорлигини ҳукумат тарафидан июн воқеалари асосий ташкилотчиси дея ҳисобланувчи Қодиржон Ботировнинг мулкларини ўз номига ўтказганлигида кўради.

Атамбаевнинг учрашувдаги сўзлари 3 кун ўтиб янада батафсилроқ «Озодлик» радиоси ўзбек хизматида пайдо бўлди.

«Сизлар ўтган сайловда Шарипов кимни сайлаш учун агитация қилганини биласиз. У ўз мақсадлари йўлида Қирғизистонни йўқ қилишдан тоймайдиган одамлар билан бирга. Бу каби инсонлар жуда кўп, менга ишонинг, ҳар бирини текширамиз», — деб президент сўзларидан иқтибос келтиради Озодлик.

Чоп этилган Атамбаев сўзларидан Шарипов ким учун агитация юритгани номаълум.

Айбловлар ноўрин

Атамбаевнинг ўзи ҳамда унинг матбуот ҳизмати «Вечёрка» ва «Озодлик»даги мақолаларни шарҳламади.

«Клооп» мухбирлари матбуотда айтилаётган гапларни ҳақиқатан айтган ёки айтмаганини аниқлай олмадилар, лекин мазкур учрашувда қатнашган ЎшДУнинг уч талабаси матбуотдаги гаплар ҳақиқат эканини тасдиқладилар.

Косманавтнинг ўзи низога алоқадорлигини «тушунмовчилик» деб атади.

Атамбаевнинг сўзларидан биринчи хабар чоп этилганидан уч кун ўтиб, Шарипов у билан учрашмоқчи эканини билдирди.

«Мен у билан учрашиб, гаплашмоқчиман, чунки матбуотдаги гапларни англашилмовчилик деб ҳисоблайман. Мен Алмазбек Атамбаевнинг мен ҳақимда бу сўзларни айтганига ишонмайман, чунки биз у киши билан жуда яхши алоқадамиз. Президент сайловларигача биз у билан бирга ишлаганмиз ва у менинг нима ишлар билан машғул эканимни яхши билади», — деди космонавт «24.кг» ахборот агентлигига берган интервьюсида.

«Озодлик» радиоси журналисти Аида Касималиеванинг таъкидлашича, у Шариповни президент Атамбаев билан учрашувга киритилмагани гувоҳи бўлган.

«Кеча Шарипов ярим соат кутиб турди, лекин уни киргизишмади. Мен консул ва Қирғизистон консуллиги матбуот котиби олдига бориб Солижон Шариповнинг кутиб турганини айтдим. [...] Улар эртароқ мурожаат қилиш кераклигини, шундоғам танлов қийин кечганини, Шариповдан учрашувга қатнашиш учун талабнома келиб тушмагани учун — у рўйхатда йўқ, биз айбдор эмасмиз, деб айтишди», — деди журналист «Клооп» билан суҳбатда.

Атамбаев маслаҳатчиси Фарид Ниязов космонавт ва президент ўртасидаги можаро ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди.

Солижон Шарипов — Қирғизистон Ўш вилоятининг Ўзген шаҳрида туғилган. 1998 йили у биринчи ва ҳозирча ягона қирғиз космонавтига айланган.

Шарипов жами икки марта космосга парвоз қилиб, у ерда 200 кунга яқин бўлган.

Биринчи парвозида шарипов Американинг «Эндевор» шаттлида «Мир» станциясига илмий жиҳозлар ҳамда у ердаги космонавтлар учун озиқ-овқатлар олиб борган.

Шариповнинг иккинчи парвози Халқаро космик станциянинг узоқ миссия бўлиб — қирғизистонлик космонавт унда тадқиқот инженери бўлган.

Шарипов шунингдек очиқ космосга икки маротаба чиқиб, у ерда жами 10 соатча бўлган.

Муаллиф: Бектур Искендер ва Эльдияр Арыкбаев