Экс-президент Алмазбек Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Икрамжан Илмиянов ва экс-премьер-министр Жанторо Сатибалдиевнинг «Ихлас» қурулиш компаниясига алоқаси бор бўлиши эҳтимоли ҳақидаги мақола учун журналистларни судга беришади.
Икрамжан Илмиянов «Азаттык» радиосига «Ихлас» компаниясига «ҳеч қандай алоқаси йўқлигини» ва уни бунга аралаштирган бир неча ОАВларни судга беришини билдирган.
«Бир неча сайтлар "Илмиянов ва Сатибалдиевнинг "Ихлас" фирмаси беш гектар ерни қандай қилиб эгаллаб олди?" деган сарлавҳа билан ёзишди. Тахмин қилиб, "мумкин, эмиш" деб ёзса майли эди, бироқ бу ерда хато маълумотни "тўғри" деб ёзиб қўйибди. Бундай ёзгандан сўнг, унинг ичида далилларни қўшиб ёзиш керак эди. Мен буни шу ҳолатда қолдирмайман, адвокат ишламоқда», — деб билдирган Илмиянов.
У судлашадиган нашрларни айтган эмас, бироқ «Kyrgyztoday» нашри билдиришича, ушбу сабабларга туфайли у билан собиқ премьер-министр Жанторо Сатибалдиев ҳам судлашмоқчи.
Шунингдек Сатибалдиев ўзининг «Ихлас»га алоқаси ҳақидаги маълумотни «ёлғон» деб атади.
«Ихлас»нинг асосчиси Нурбек Осмонов «Азаттык» радиосига берган интервьюсида Сатибалдиев ва Илмияновнинг компанияга алоқаси борлиги ва «Бишкекда бир неча гектар ер ноқонуний олингани» бўйича маълумотни инкор қилди.
«Kyrgyztoday» нашри 11-мартда «Илмиянов ва Сатибалдиевнинг «Ихлас» фирмаси 5 гектар ерни қандай қилиб эгаллаб олди?» деган сарлавҳада мақола эълон қилган.
Унда журналистлар собиқ премьер-министр Сатибалдиевнинг ўғли Жоомарт ва экс-президент Алмазбек Атамбаевнинг собиқ маслаҳатчиси Илмиянов «Ала-Арча» давлат резиденциясидан унча узоқ бўлмаган ерда кўп қаватли биноларни қураётган «Ихлас» компаниясига эгалик қилишади деб тасдиқлашган.