Қозоғистон бош прокуратураси Қирғизистон депутатини контрабандада айбламоқда

657

Қозоғистон бош прокуратураси Жогорку Кенешдаги «Кыргызстан» фракциясининг депутати Дамирбек Асилбек уулуни контрабандада айбламоқда. Тергов версияси бўйича, бир неча гуруҳ шахслар Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Хитойнинг контрабанда  товарларини Қозоғистонга киритган.

Қозоғистон бош прокуратурасининг вакили Оксана Лоскутова билдиришича, контрабандага қарши махсус операция вақтида 35 киши қўлга олинган.Уларнинг орасида божхона ва чегара хизматларининг ходимлари, брокерлар, ўртамчилар ва уюшган жиноий гуруҳнинг (УЖГ) аъзолари ҳамда Қирғизистоннинг уч фуқароси ҳам бор.

Қўлга олинганлар билан биргаликда «Кыргызстан» фракциясининг депутати Дамирбек Асилбек уули ҳам ушланиб, икки ойга тергов изоляторига қамоққа олинган.

Лоскутованинг айтишича, айбдорлар Қирғизистон орқали «яширин схемалар»  ёрдами билан Хитойдан тўғри олиб келиб Қозиғистонга контрабанда товарларни киритишган.

«Умумийси 8 уюшган жиноий гуруҳ йўқ қилинган, иқтсодий контрабанда факти бўйича судгача текширувлар бошланди. Тинтув вақтида йирик миқдорда пул маблағлари, заргарлик буюмлари, бухгалтерия ҳужжатлари ва божхона декларациялари олинди», — деди у.

«Кыргызстан» фракцияси лидери Алмазбек Баатирбеков «АКИпресс» нашрига берган интервьюсида билдиришича, Асилбек уули спортчиларни кураш бўйича мусобақаларга тайёргарлигига  қатнашиш учун Алматига кетган.

«Биз, Асилбек уули у ерда тасодифан бўлиб қолган деб умид қиламиз. Уни балким чақиришгандир. Менинг билишимча, у  Қозоғистонга дўсти билан учиб кетган. Шеригининг исмини билмас эканман. Эҳтимол у тасодифан ўша ерда бўлиб қолгандир» , — деди у.

Баатирбеков ҳозирда ҳамкасби Асилбек уулунинг қўлга олиниши бўйича қўшимча маълумотларни олишга ҳаракат қилаётганини қўшимча қилди.

«Биз ҳозир спикерга мурожаат қилдик, халқ дипломатиясини қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз. Парламентарийлар ўзларининг ҳамкасблари билан боғланиб, уларнинг иштирокида маълумот олиб беришларини кутмоқдамиз»  — деди Баатирбеков.

Фракция лидери қўшимча қилгандай, қўлга олинган депутат билан учрашувга Қозоғистон томон рухсат бериши билан Асилбек уулининг фракциядаги ҳамкасби, унга бориб келишини режалаштиришмоқда.

Қозиғистондаги махсус операция 16-февралга ўтар кечаси бир неча вилоятларда ўтган — Алмати вилоятида, Жамбил вилоятида, Жанубий Қозоғистон вилоятида ва Алмати шаҳрида.

Қўлга олинганларнинг бири парламентдаги «Кыргызстан» фракциясининг депутати Дамирбек Асилбек уули бўлиб чиққан. Қирғизистон парламентида билдирилишича, депутатнинг қўлга олиниши бўйича ишга Жогорку Кенеш аралашмайди.