Талас: Зўрланган ногирон қиз болали бўлди

1216

Талас вилоят касалхонасида руҳий томондан жабрланганлар тарбияланадиган интернатда яшовчи 19 ёшдаги қизнинг кўзи ёриди. Қизнинг айтишича, унинг қариндоши зўрлаган. Прокуратура жиноий иш қўзғаган, бироқ ҳозирча боланинг отаси топилмаган.

Қиз 29 декабрда Талас вилоят касалхонасининг туғруқ бўлимида кўз ёрган. Врачлар онаси ва гўдакнинг аҳволини қониқарли деб айтишмоқда. Касалхона раҳбарияти қизни уйига чиқса бўлади деб ҳисоблайди.

«Ўзингиз кўрганингиздай, Кундуз боласи билан бир палатада ётибди. Эмизишни барча усулларини кўрсатиб берганмиз. Қизини ўзи қараб, туғруқ бўлимида ётибди. Туғруқ вақтида қон кетиши каби хавфли белгилар бўлмаган. Бугунги кунда унинг аҳволи яхши», — деб иқтибос  келтиради «Азаттык» радиоси врачнинг сўзларидан.

Бакай-Ота район ижтимоий ривожлантириш бошқармасининг вакили Каникей Бошкоева қизнинг борар жойи йўқлигини ва ҳукумат уни жойлаштириш учун ҳаракат қилаётганини айтди.

«8 январгача туғруқхонада бўлади. Уни доимий уйга жойлаштириш бўйича сўзлашувлар бормоқда. Бишкекка қўнғироқ қилдик. Кейин Манас районидаги интернат-уй билан ҳам сўзлашувлар бўлмоқда», — деди Бошкоева.

Туғруқ вақтигача қиз Талас вилоятининг Қорабуура районидаги ногиронлар уйида яшаган. Муассаса директори Манапбай Казакбаев бўлим ходимлари қизни қарашганини айтди.

«Кундуз бизга 2017-йилнинг 8 августида ҳомиласи 19-20 ҳафта бўлганда келган. Бу ердан бизнинг шифокорлар махсус хона ажратиб, доимий назоратда бўлди. Туққанда ҳам бизнинг шифокорлар овқат олиб бориб, кўришган. Болага керакли буюмларнинг  барчасини ўзимиз олиб бориб бердик. Қариндошлар, онаси томонидан ҳеч ким келмади», — деди у.

Ногирон қизнинг зўрланиши бўйича жиноий иш

2017-йилнинг сентябрида Талас вилоятининг прокуратураси қизнинг ҳомиладорлиги факти билан «Зўрлаш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган. Жабарланган қизнинг айтишича, у қариндошлариникига борган вақтда уни опасининг ўғли зўрлаган.

Гумондорнинг онаси ўзининг боласини зўрлашга алоқаси борлигини инкор қилмоқда. Унинг айтишича, уларни уйига меҳмонга келган вақтда ўғли Кундуз билан кўришмаган ва жиноят қилиши мумкин эмас эди.

«Бу ишда ўғлимнинг ҳеч қандай айби йўқ. 100 фоиз кафолат бераман. Болам беш вақт намоз ўқийди. Кундуз 20 мартда келиб, 22сида интернатга кетган. Бу вақтда ўғлим шаҳарда эди. Кейин келиб даъватга чиққан. Кундузни уйга келганини у кўрмаган», — деб билдирган у.

Жиноий иш бўйича тергов амаллари давом этиб, бироқ ҳозирча боланинг отаси топилмаган.

Муаллиф: Рустам Халимов