Атамбаев иқтисодий ўсиш ҳақида баён қилди, таҳлилчилар эса бунга қўшилмайди

689

Қирғиз давлат раҳбари ўзининг бошқарувидаги олти йилда бир қанча ривожланиш бўлганини баён қилди. Унинг танқидчилари эса бу хулосага рози эмас.

Мақоланинг асли «Азаттык» радиосининг сайтига чиққан.

Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев ўтган олти йилда ўлкада бирорта ҳам завод-фабрика қурилмаганига қарамай ички улгуржи ишлаб чиқариш икки карра ўсиб, порахўрлик билан кураш натижасида бюджет даромади уч марта кўтарилганини билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари ўтган ҳафтада "Адолатли жамият" лойиҳасининг очилишида эълон қилди.

Бироқ тахлилчилар ўлкадаги порахўрлик билан курашиш натижасида давлатга тушган маблағнинг миқдори ҳақиқатга тўғри келмаётганини айтиб, президентнинг бу сўзларини тегишли мисоллар билан инкор қилишди.

"Буюк қадам"

Давлат раҳбари Алмазбек Атамбаев "Адолатли жамият" лойиҳасининг очилиш маросимида "Қирғизистон сўнги олти йил оралиғида нефть-газ каби табиий бойлиқларсиз кучли ва ривожланган ўлкага айланди" деб билдирди. Унинг сўзларига кўра, порахўрликка қарши кураш эркин тадбиркорликни ва иқтисоддаги катта ўсишни таъминлади.

"Адолатли жамият" дастури асосидаги "Очиқ ҳукумат" ташаббуси порахўрлик миқдорини бундан ҳам пасайтиришга шароит яратишини айтган президент Алмазбек Атамбаев бу вақтгача эришилган муваффақиятларга қуйидагича тўхталди:

- Агар ўтган 5-6 йилни мисол қилсак, бизда бу оралиқда йирик ишлаб чиқариш ишхоналари қурилиб, нефть ва табиий газ конлари очилмагани билан биз ички улгуржи маҳсулотни икки ярим мартага кўпайтира олдик. Шунингдек ўлканинг даромадини уч марта ўстирдик. Сабаби биз "Адолатли жамият" принципларини ишга киритдик. У биринчи навбатда порахўрлик билан кураш бўлди. Порахўрлик билан кураш орқалигина биз ўлка даромадини кўпайтира олдик.

Бош прокуратура ўтган йили 2016-йилнинг тўққиз ойини натижасини чиқарган вақтда коррупция ишларига боғлиқ етти юздан ортиқ жиноий иш қўзғалганини эълон қилган. Бош прокуратуранинг коррупцияга қарши кураш бўлимининг маълумотига кўра, қўзғалиб, судга ўтказилган жиноий ишлар натижасида давлат ғазнасига келтирилган 144 миллион сомдан ортиқ зарар қайта тўланган.

Адилбек Касималиев.

Қирғизистоннинг молия министри Адилбек Касималиев ўтган йили ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари қўзғаган ишлар натижасида давлатга тушган маблағ миқдори тўғрисида қуйидагича маълумот берди:

- Ўтган йили ҳуқуқ тартибот органлари томонидан давлат бюджетига 2,9 миллиард сом атрофида пул тушди. Бироқ бу ерда биргина порахўрлик ишлари бўйича эмас, умумий иқтисодий жиноий ишларнинг натижаси бўйича шундай маблағ туширилди. Унинг орасида солиқни яшириш каби иқтисодий жиноий ишлар бор. Шунингдек, коррупция ёки хизмат жиноий ишлари бўйича олинган маблағлар ҳам мана шунга киради.

Миллий статистика комитетининг маълумотига кўра, Қирғизистон бюджетининг даромад қисми 2011-йили 69 миллиард сом бўлса, 2016-йили бу кўрсаткич 121 миллиард сомни ташкил қилган. Ўлканинг умумий ички улгуржи маҳсулоти 2011-йили 286 миллиард сом бўлса, 2016-йилги умумий ички ишлаб чиқариш 458 миллиард сомга тенг бўлган.

Ноаниқликлар низоси

Молия аналитикларининг оддий ҳисоби бўйича ички улгуржи маҳсулот икки ярим эмас, 1,6 марта, ўлканинг даромади эса уч эмас 1,7 марта ўсган.

Собиқ вице-премьер-министр Базарбай Мамбетовнинг айтишича, бундан ташқари бу кўрсаткичнинг реал ўсишни чиқариш учун олти йилдаги инфляциянинг даражаси ва сомнинг қадрсизланиши ҳисобга олинмаган:

- Бизни президент сўнги вақтларда элни алдаб сўзлашга ёмон ўрганди. Давлат раҳбари даромад уч марта бўлди демоқда. Бироқ рақамларни кўриб чиққан одам бунга ишонмайди. Реал ички улгуржи маҳсулот 458 миллиард сом эмасда. Мана шу олти йилдан буёғидаги инфляцияни даражасини ҳисобга олганда ички улгуржи маҳсулот бир қанча пасайди. Мана шуларнинг барчасини бирга ҳисоблаб, кейин шу асосида реал ўсиш бўйича ҳисоб чиқарилиши керак эди.

Сомнинг кўрсаткичи - қалбаки ўсиш?

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, унда реал ўсишни ҳисоблаб чиқариш учун 2011-йилнинг 2016-йилгача сомни долларга нисбатан қадрсизланишини анализ қилиб, орадаги инфляция даражасини ҳисоблаб чиқиш керак. Молия аналитикларининг ҳисоби бўйича 2011-йили бир АҚШ долларининг нарҳи 46-47 сом атрофида бўлган. Сом 2014-йилнинг охиридан бошлаб кескин қадрсизланиб, бир АҚШ доллари 75 сомгача кўтарилган. Ҳозирда сомнинг курси бир оз барқарорлашиб, 2016-йилдан бери бир доллар 69-68 сом атрофида бўлмоқда.

Мухолифатчи сиёсатчи Равшан Жээнбеков сомни қадрсизланишини ҳисобга олганда реал ўсиш мақтанарли эмаслигини таъкидлади:

- Бунда бюджетнинг даромад қисми 69 миллиард сомдан 121 миллиард сомга ўсти деганда бу ерда инфляцияни ва девальвацияни асосида сомнинг кўрсаткичи ўсти деб тушуниш керак. Сабаби халқаро стандарт бўйича даромадни доллар билан ҳисоблаганда бундан олти йил аввал бюджетнинг даромади 1,5-2 миллиард доллар бўлса, ҳозир ҳам ўша кўпайди деб айтилган 121 миллиард сомни долларга айлантирганда ҳам мана шу сумма келиб чиқади. Чунки сом қадрини йўқотди. Сомнинг кўрсаткичи бўйича ўсиш бўлгани ҳақиқат. Бироқ реал даромад, реал ўсиш эса унда билим бериш, соғлиқни сақлаш каби бошқа тармоқларда маошни, нафақани миқдори ўсадику. Шу сабабли буни қалбаки, ўзини-ўзи алдаган ўсиш десак бўлади.

МДҲнинг статистика комитетини 2016-йилдаги маълумотига кўра, Қозоғистоннинг ички улгуржи маҳсулоти жон бошига 25 минг, Россияники 27 минг, Ўзбекистонники 5,5 минг, Тожикистонники эса 2,7, Қирғизистонники 3000 долларга тенг бўлган.