Норин: Қишлоқлиқлар ўқувчи машина уриб кетиши оқибатида халок бўлгач, йўлни тўсишди. Ҳукумат “ётиқ полиция” ўрнатмоқда

517

Норин вилояти Оттук қишлоғининг 100дан ортиқ яшовчиси Бишкек-Торугарт йўлини тўсиб олиб, «ётиқ полиция»ларни ўрнатишни талаб қилишди. Бунга ундан икки соат аввал маҳаллий 9 ёшли болани автомашина уриб кетиб, у ҳалок бўлгани сабаб бўлган.

«Мерседес»нинг ҳайдовчиси велосипед миниб кетаётган 9 ёшли болани  Оттук қишлоғида уриб кетган. Қишлоқнинг йўли ҳудудлар аро Бишкек-Торугарт катта йўлининг таркибига киради.

«Бола олган жароҳати сабабли вафот этди. Уни касалхонага етказишга улгиришмади», — деди Kloop.kg билан бўлган суҳбатда ИИМнинг матбуот котиби Эрнис Осмонбаев.

Ғазабланган қишлоқ турғунлари йўлни тўсиб, «ётиқ полицияни» ўрнатишни талаб қилишди.

«Улар қишлоққа кириб келаётган ҳар бир ҳайдовчи тезликни камайтиришини исташмоқда», — деди Осмонбаев.

НМХнинг Норин вилояти бўйича бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Тилек Оторовнинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳукумат вакиллари «тез орада»  қишлоқнинг кириш қисмига, маҳаллий мактабнинг ва болалар боғчасининг яқинида дарров уч “ётиқ полиция” ўрнатишга ваъда бергандан кейин йиғилганлар тарқалишди.

Болани уриб кетган ҳайдовчи 48 соатга қамоққа олинди. Тергов йўл ҳалокатининг сабабларини текширмоқда.

Қирғизистонда автомашиналар болаларни уриб кетган ҳолатлар кам учровчи кўриниш эмас, сўнги ойда бу элни хавотирга солган йўл ҳалокатларининг учинчиси.

10-май куни кечга томон Бишкекдаги «Кудайберген» бозори яқинида автомашина 15 ёшдаги ўсмирни уриб кетиб, у ҳалок бўлган. Ҳайдовчи воқеа содир бўлган жойдан қочиб кетган, бироқ эртаси куни кечга томон милиция уни қўлга олади.

Бишкекда 21-апрелда автомашина икки ўқувчини уриб кетиб, ҳайдовчи воқеа бўлган жойдан қочиб кетган. Болалар оғир жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Кўп ўтмай ҳайдовчи ушланиб, икки ойга ТИЗОга қамалди. Ўқувчилар соғаймоқда

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова