«Қуршаб» бозори савдогарлари маҳаллий яшовчилар қарзларини ҳисоблаб чиқдилар. Маълум бўлишича, тожирлар ўз харидорларига 1,2 миллион сомлик маҳсулотни қарзга бериб юборганлар.
Савдо нуқталари соҳиблари харидорлар қарзларини ҳисоблаб кўришга киришдилар.
Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, савдогарлар орасида 50 минг сомдан 100 минг сомгача бўлган молни қарзга берганлар ҳам топилди.
Қарздорлар сонини қисқартириш мақсадида савдогарлар бошқа қарзга мол бермасликка келишдилар.
«Одамлар ўз қарзларини қайтаришлари учун нима қилишни ҳам билмай қолдик», —деди савдогар Айгуль Алибекова.
Сотувчилар сўзларига кўра, қарзга энг кўп олинган маҳсулот — турли ширинликлардир.
Қуршаб бозори харидорларидан бири Гулзат иложсизликдан қарзга маҳсулот олишини айтди.
«Ахир тўй-маъракага қуруқ қўл билан боролмайсанку одам. Баъзан пул йўқлигида қарзга оламан ва пул қўлга тушиши билан дарҳол қарзни тўлайман», —деди Гулзат.
Қуршаб бозорида бугунги кунда 200дан ошиқ сотувчи тирикчилик қилади. Уларнинг аксари ўз харидорларига эгалар.
Сотувчи Разия Такирова 10 йилдан буён бозорда савдо қилади. Унинг сўзларига кўра, асосан қарзга қийинчиликда кун кечираётган оилалар оладилар.
«Қариндошлар ва қўшнилар келишади. Ўз харидорларимни йўқотмаслик учун қарзга товар беришга мажбур бўламан», —дейди Разия.
Бироқ харидорлар орасида қарзини ўз вақтида тўламайдиганлар ҳам учраб туради.
«Баъзилар пул топишлари билан қарзларини тўлашга интиладилар. Баъзилар эса бунинг акси — қарзингни қайтар, деб ортидан югуришга мажбур қиладилар», —деди Қупшаб бозорининг яна бир сотувчиси.
Таҳлилчилар фикри
Иқтисодчи Айилчи Сарибаев Kloop.kgга берган интервьюсида қарзга олиш ҳолатлари ривожланган мамлакатларда ҳам кузатилишини айтди.
«Бошқа мамлакатларда банкдан кафолатсиз қарзга пул олиш мумкин. Бизда ҳам ҳудди шундай. Ўз танишларимиздан қарзга мол олишимиз мумкин», — деди иқтисодчи.
Бироқ бошқа таҳлилчи Жапарбек Ормонов халқнинг турмуш тарзи оғирлигидан қарзга озиқ-овқат олувчиларнинг сони кўплигини айтди.
«Қарзга беришларининг сабаби, барча бир-бирини танийди. Мамлакат ўз фуқороларини иш жойлари билан таъминлаши керак. Бизда бу йўқ, шунинг учун қарздорлар кўп», —деди Ормонов.