Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга келиши февралнинг охирига режалаштирилган. Қирғизистоннинг президенти Алмазбек Атамбаев билан Путин Қирғизистонни ЕОИИ кириш натижаларини муҳокама қилишади.
Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Андрей Крутько Путиннинг Қирғизистондаги иш сафари вақтида икки ўлканинг президентлари 25 йиллик ҳамкорликни муҳокама қилишларини айтди.
«Бизнинг икки томонлама ҳамкорлигимиз, савдо-иқтисодий, ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик», — деди Крутько.
Крутько Путин Қирғизистонга келиб кетгандан сўнг бир ҳафтадан кейин ЕОИИ масалалари бўйича ҳукуматлар аро комитетнинг йиғинини режалаштираётганини айтди.
«Бу йил Қирғизистон ЕОИИда раислик қилишини эсга солгим келади. Шунингдек бу йил биз Қирғизистоннинг ЕОИИга киришининг уч йиллигини нишонлаймиз. Бу ҳақда холис кузатувчиларнинг ва таҳлилчиларнинг орасида тортишувлар кўп, бироқ яхши томонлари кўпроқ. Агар Қирғизистон бу иттифоққа кирмай қўйса нима бўларди деб тасаввур қилсак, оқибатларига сон етмас эди», — деб ҳисоблайди Россиянинг Қирғизистондаги элчиси.
Қирғизистонни ЕОИИга киришининг ижобий бўлмаслиги
Қирғиз парламентидаги мухолифатчи «Ата-Мекен» ва «Онугуу-Прогресс» фракцияларининг депутатлари февралнинг бошида Қирғизистоннинг ЕОИИга киришини самарали бўлмагани учун премьер-министр Сооронбай Жээнбековни айблаб, ҳукуматни хизматдан кетишини талаб қилишган.
ЕОИИга киришнинг натижалари бўйича ҳукуматнинг ҳисоботини «Республика — Ата-Журт» фракцияси ҳам тинглаган. Фракция раҳбари Ўмүрбек Бабанов ўлкани иттифоққа киритиш бўйича министрлар кабинетининг ишини танқид қилиб, «Қирғизистон ЕОИИда ўз ўринини топиши керак» деган.
Қирғизистоннинг ЕОИИга кириши бўйича Жээнбековнинг ҳисоботини парламент 2-февралда тинглаган.
Премьер-министр Қирғизистон ЕОИИга киргандан сўнг 2016-йили ишлаб чиқариш экспорти 8,1 фоизга, импорт 18,5 фоизга камайиб кетганини айтган.
Қарздан кечиш ва Юқори Норин ГЭСлари
Путин охирги марта расмий иш сафари билан 2012-йилнинг сентябрида келган.
Унда Россия Қирғизистонга давлат мустақил бўлгандан беридаги унинг энг катта қарзини — деярли 500 миллион долларини кечган.
Ўша куни иш сафари вақтида 189 миллион доллар расмий турда кечилиб, қолган 300 миллион долларни Россия Қирғизистонга ўн йил муддат ичида 2016-йилдан тортиб бир хил миқдорда кеча бошлаган.
Томонлар Қамбарота -1 ГЭСини ва Юқори Норин ГЭС каскадини қуриш бўйича ҳам келишишган.
Бироқ 2015-йили Атамбаев Қирғизистон келишувдан чиқишини, сабаби Россия иқтисодий инқироз сабабли уни молиялаштиролмаслигини билдирган.
Бу бўйича Қирғизистонда тузилган депутатлар комиссияси Норин вилоятида қурилган объектларнинг нарҳи икки марта кўп кўрсатилгани тўғрисида хулоса чиқарган. Депутатлар ҳукуматни қурилишга кетган ҳаражатига халқаро аудит ўтказишни илтимос қилишган.
Келишувлардан бир томонлама чиққандан сўнг Россия томон Қирғизистондан ГЭСларнинг қурилишига сарфланган 37 миллион долларни қайтариб беришни талаб қилган.
Бироқ қирғиз томон халқаро аудитдан кейингина қайтаришини билдирган. Ўз вақтида Россия томон аудиторларга тўланадиган 2 миллион долларни беришдан бош тортган.
Муаллиф: Нуржамал Жанибекова