Салянова парламент комитетининг йиғини сабаб МХДХнинг терговига келолмай қолди

513

Мухолифатчи депутат Аида Салянова ўзи таклиф қилган қонун лойиҳаси парламент комитетида кўриб чиқилаётгани учун миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасига (МХДҚ) сўроққа боролмади. Сўроқнинг янги муддати ҳозирча номаълум.

Саляновани 2010-йили юстиция министри бўлган вақтда ҳукуматдан қулатилган Қурманбек Бакиев ўғлининг адвокати Алексей Елисеевнинг лицензиясини «ноқонуний» узайтириб берган деган айбловга боғлиқ чақиртиришган.

Сўроқ 31-январга 16:00га тайинланган, бироқ у Салянованинг қонун лойиҳаси қаралаётган парламент комитетининг йиғини билан тўғри келиб қолган.

«Сўроқ муддатини жилдириш тўғрисида адвокатдан терговчидан хат жўнатилган. Бизни сўроққа бормаганимизни улар яхши билган», — деб ёзди депутат «Фэйсбук»даги ўз сиҳифасида 31-январь куни кечда.

Салянованинг ўрнига МХДҚнинг биносига 20га яқин киши келиб, уни қўллаган митинг ўтказишди.

Саляновани қўлловчилар митинги. Сурат: Zanoza.kg
Саляновани қўлловчилар митинги. Сурат: Zanoza.kg

Сўроқнинг янги муддати ҳозирча айтилмади, МХДҚ изоҳ бермади.

Бош прокурорликдан мухолифатга

Собиқ юстиция министри ва бош прокурор Аида Салянова президент Алмазбек Атамбаевни 2015-йилнинг бошидан бери очиқ танқид қила бошлаган.

Ўша вақтда бош прокурор хизматидан кетаётиб, у Бишкек иссиқлик марказига ноқонуний кўмир етказиш бўйича куёвига қарши жиноий иш қўзғалгандан сўнг ҳукуматни босим ўтказгани учун айблаган.

Аида Салянованинг резюмеси:

1997 — 2008: Парламент аппаратида эксперт, кейин бўлим раҳбари

2008 — 2010: Юстиция министрлигининг статс-котиби

Июль 2010 — декабрь 2010: Юстиция министри

Апрель 2011 — январь 2015: Бош прокурор

Октябрь 2015 — ҳозирда: парламент депутати

2016-йили мухолифатчи «Ата Мекен» партиясининг депутати бўлиб сайлангандан сўнг Салянова Атамбаевнинг конституциявий ислоҳатига қарши чиқиб, ўлкадаги машҳур мухолифатчи сиёсатчиларнинг бирига айланди.

Ўша йили унинг куёви шартли равишда етти йилга кесилиб, бош прокуратура Салянованинг ўзига қарши Елисеевнинг лицензияси бўйича жиноий иш қўзғади.

Бош прокуратура Салянова бошқарган Юстиция министрлиги Елисеевнинг судлангани тўғрисидаги маълумотномани сўрамай, унинг лицензиясини узайтириб берган демоқда.

Елисеевнинг ўзи ўша вақтда собиқ президент Курманбек Бакиев ва унинг ўғли Максим билан боғлиқ жиноий ишларнинг фигуранти бўлган. Бош прокуратура Юстиция министрлиги унинг лицензиясини узайтиришда адвокатнинг шахсий материалларини йўқ қилган деб гумон қилмоқда.

Бакиев ҳокимятдан қулатилгандан сўнг Қирғизистондан чиқиб кетган Елисеевни сиртдан саккиз йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳукми чиққан.

Салянованинг ўзи эса «Азаттык» радиоси билан бўлган суҳбатда ўзига қарши қўзғалган ишда жиноят белгилари йўқ эканлигини билдирган.

Муаллиф: Нуржамал Жанибекова