Мустақил профсоюз конфедерацияси ёпилгандан кейин қозоғистонлик нефтчилар очлик эълон қилишган. Қаршилик акциялари олтисидан 22-январгача бўлган. Бунинг учун уларни судга олиб келиб, иш берувчига жарима тўлашга мажбурлаб, ишдан ҳайдай бошлашган.
Норозилик намойишининг иштирокчилари иш билан таъминлаган нефт ширкати Oil Construction Companyга жарима тўлашга мажбур қилинган.
Суднинг қарори бўйича 14 нефтчи митинг ўтказиш тартибини бузгани учун 20 ОҲК (бир ойлик ҳисоб кўрсаткичи 2269 тенгега баробар) миқдорда жарима тўлаш мажбурияти юкланган.
Нефтчиларнинг билдиришича, уларга адвокатлар берилмаган ва улар қонунни билмаганлиги сабабли ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қила олишмаган. Уларнинг айримлари жарима тўғрисида эшитиб, суд қарорини қўлга олмай туриб, жарима тўлаб қўйишган.
Суд қарори чиққандан кейин компания раҳбарияти тўрт нефтчини: Кусаин Жилкишиевни, Жамбил Бегешевни, Кайрат Ерекешовни ва Мейрамбек Куантаевни ишдан ҳайдаган.
Кусаин Жилкишиевнинг хабарига кўра, суддан кейин уни биринчилардан бўлиб ишдан ҳайдашган. Унинг сўзларига кўра, ишдан ҳайдашдан аввал компания ундан нима учун очлик эълон қилгани тўғрисида тушунтириш хати ёзишни талаб қилган.
Кусаин Жилкишиев оиласида ишлаётган ягона одам. Унинг уч нафар фарзанди бор. У суд қарорини апелляцияга беришга тайёр.
«Ҳозир мен ишсиз бўлиб қолдим. Сўз йўқ, адолат излаб ишсиз қолдим. Бироқ бундан ўкинмайман. Лекин болаларимнинг келажаги гумон бўлмоқда. Агар улар оғиз очиша олмаса, демак улар қул бўлиб яшашади», — деди у.
«OCC компаниясининг директор ўринбосари Дуйсен Атшибаев Жилкишиевнинг ишдан ҳайдалгани бўйича изоҳ беришдан бош тортди», — деб хабар беради «Азаттык».
Муаллиф: Александра Титова