Футбол, Қирғизистон чемпионати: «Дордой» муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритди

704

Қўчқоротанинг «Нефтчи» клубини 2:0 ҳисобида мағлуб этган пойтахтнинг «Дордой» жамоаси муддатидан аввал Қирғизистон чемпионига айланди. Мусобақа якунланишига яна икки тур қолганига қарамай, «Дордой» ўз тарихида еттинчи бор мамлакат биринчилигини қўлга киритди.

«Дордой»нинг муддатидан аввал чемпионликни қўлга киритиш ёки киритмаслик жангини томоша қилиш учун икки ярим мингдан ошиқроқ мухлис Даир Омурзаков ўйингоҳга йиғилдилар.

Ўйиннинг биринчи дақиқалариданоқ қўчқороталик чарм тўп усталари ўйиндаги ташаббусни ўз қўлларига олдилар ва «Дордой»нинг ҳимоясидаги нозик нуқтани топиб ҳисобни очишга имкон яратдилар.

Бунга сабаб «Дордой»нинг легионери Даниэл Тэгонинг ўз жарима майдонида қўчқороталик Руслан Жамшидовнинг чалиб йиқитиши бўлди. Ҳакам пойтахтликлар дарвозаси томон пеналти белгилаб, Тэгонинг ўзини сариқ карточка билан сийлади.

Бироқ «Нефтчи»лик Жамшидов пеналтидан унумли фойдалана олмади — пойтахтликлар дарвозабони Павел Матяш ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.

Ўйиннинг биринчи ярим қисми голсиз якунланиб, жамоалар танаффусга 0:0 ҳисоби билан чиқиб кетдилар.

Ўйиннинг иккинчи тайми ҳиссиётларга бой бўлди. Учрашувнинг 73чи дақиқасида мезбон дордойликлар сардори Руслан Сидиков рақиб ўйинчисига нисбатан қўпол ўйини учун ўйиндан четлатилди.

Кўп ўтмай Сидиковнинг ортидан қўчқороталик ўйинчи Маматов ҳам қизил карточка билан сийланиб ўйинни тарк этди ва иккала жамоа 10 ўйинчидан бўлиб учрашувни давом этдирдилар.

Ўйиннинг иккинчи бўлимида «Дордой»нинг легионери Андерсон Виллиан нефтчилик ҳимоячилар йўл қўйган хатодан унумли фойдаланиб ўйинда ҳисобни очди.

Ўйинга қўшиб берилган 3чи дақиқада Виллиан яна бир бор ўзини кўрсатиб, чап қанотдан ошириб берилган тўпни дарвозанинг ўнг бурчагига йўллаб ўз ҳисобига дублни ёзиб қўйди.

Ҳакам ҳуштаги таблодаги 2:0 ҳисобида «Дордой»нинг ғалабасини қайд этиб, пойтахт жамоаси муддатидан аввал Қирғизистон чемпионлигини қўлга киритди.

Қирғизистон футбол федерацияси матбуот котиби Канат Асенов ўйиннинг «кескинлик» билан ўтганини таъкидлаб ўтди.

Асенов фикрича, «Дордой»нинг бу мавсумда яхши ўйин кўрсатишига унинг таркиби тўғри танланганлиги сабаб бўлган.

«Легионерларнинг олиб келиниши, таркибни тўғри танланганлиги улар ўйинининг яхши тарафга кескин ўзгаришига сабаб бўлди», —деди Асанов.