25 декабрь куни Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида «Озарбайжон ҳаво йўллари» (Azerbaijan Airlines) авиакомпаниясига тегишли бўлган, Боку—Грозний йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолёт ҳалокатга учради. Euronews нашри Озарбайжон ҳукуматидаги манбага асосланиб, авиаҳалокатга ракета таъсири сабаб бўлганини хабар қилди.
Манбанинг маълумотига кўра, Россиянинг «ер—ҳаво» туридаги ракетаcи Чеченистон Республикаси пойтахти Грозний осмонида самолёт яқинида портлаган.
«Ракета бўлаклари ҳаво кемаси яқинида портлаб, унинг ташқи қисмига зарар етказган ва йўловчилар ҳамда экипаж аъзоларига шикаст етказган», — деб ёзади нашр.
Озарбайжон ҳукумати манбасининг маълум қилишича, учувчилар Россияда фавқулодда қўнишга рухсат сўрашган, аммо уларга ҳеч бир аэропортда қўнишга рухсат берилмаган.
Шунингдек, манба таъкидлашича, самолётнинг GPS-навигация тизимлари ушбу йўналишда «ўчириб қўйилган» бўлган.
Озарбайжонлик манба Reuters мухбирига берган маълумотига кўра, дастлабки хулосаларга кўра, самолёт Россиянинг «Панцирь-С» ҳаво ҳимоя тизими томонидан уриб туширилган, ва унинг алоқа тизимлари Грозний яқинига етиб борганда радиоэлектрон тўсиқ билан парализ қилинган.
«Бу қасддан амалга оширилган деган ҳеч қандай тасдиқ йўқ. Аммо мавжуд фактларни ҳисобга олган ҳолда, Боку Россия томонидан самолётни уриб туширилганини тан олишни кутаяпти», — деб келтиради манбани агентлик. Ушбу хулоса яна учта манба томонидан тасдиқланган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Актавдаги авиаҳалокат сабаблари ҳақида текширув натижаларисиз тахминлар қилмасликка чақирди.
Шу билан бирга, Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Канат Бозубаев аварияни текшириш бўйича махсус комиссия ҳеч қайси версияни на тасдиқлайди, на рад этганини билдирди. У аввалроқ вазият бўйича ҳатто дастлабки хулосалар чиқаришга ҳам эрта эканини таъкидлаган эди.
Авиаҳалокатдан сўнг тармоқларда самолёт парчаларининг тасвирлари пайдо бўлди. BBC аввалроқ бу тешиклар ракета парчалари билан зарарланиш натижасида пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.
Рейсда омон қолган йўловчи Субхонкул Раҳимов RT телеканалига маълум қилишича, самолёт Грознийгача учган ва уч маротаба қўнишга ҳаракат қилган, аммо охирги уринишда «нимадир портлаган».
Бошқа йўловчилар томонидан суратга олинган видео лавҳаларга қараганда, самолёт салони ичида портлашнинг зарарлари бор эди. Кадрларда қон оқиб ётган жойлар ва кислород ниқоблари ҳам кўринади.
Ҳалокат содир бўлган куни эрталаб Чеченистон хавфсизлик кенгаши раҳбари ва Рамзан Қодировнинг жияни Хамзат Қодиров «Грозний дронлар ҳужумига учраганини» тасдиқлаган эди. Шунда Қодиров барча дронлар йўқ қилинганини маълум қилган.
Аввалига Россия авиация хизмати самолёт бошқарувининг йўқотилишига унинг қушлар тўдаси билан тўқнашгани сабаб бўлганини айтган ва командирнинг «захира аэродромига йўналишни ўзгартириш тўғрисида қарор қилганини» билдирган. Кейин эса Россиянинг фавқулодда хизматлари асосий тизимлардан бири ишдан чиққанини муҳим версия сифатида кўрган.
Жами 69 киши бўлган самолётда 29 киши омон қолган. Улар орасида 20, 26 ва 36 ёшдаги уч нафар қирғизистонликлар ҳам бор. Улар ҳозирда шифохонада даволанмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, авиаҳалокатда 38 киши ҳалок бўлган.