Парламент депутати Бактибек Чойбеков Жиноят кодексига ўзгартиш киритиш ташаббуси билан чиқди. Унга кўра, Қирғизистонда сайловларда овоз сотган шахсларни жазолаш таклиф қилинган. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Бу ўзгартишларнинг мақсади — демократик жараёнларни мустаҳкамлаш, сайловчиларнинг эркин ва адолатли хоҳиш-иродасини таъминлаш ҳамда овоз сотиб олишга уринишлар ҳақида хабар беришни рағбатлантиришдир.
«Сайлов жараёнидаги қонунбузарликлар, жумладан, овоз сотиш давлатнинг демократик асосларига таҳдид солади. Бундай ҳаракатлар фуқароларнинг ҳақиқий хоҳишини бузади, сайлов тизимига ишончни йўқотади ва коррупцияга асосланган амалиётларнинг мустаҳкамланишига олиб келади», — дейилади асоснома-изоҳда.
Депутат овозини сотган сайловчиларга 10 мингдан 20 минг сомгача жарима солишни таклиф қилмоқда. Жарима ўрнига қонунбузарларга 120 соатгача мажбурий жамоат ишларига ҳукм чиқариш мумкин бўлади.
Бундан ташқари, Чойбеков сайловларда овоз сотиб олишга уринишлар ҳақида ихтиёрий равишда хабар берган сайловчиларни жавобгарликдан озод қилишни таклиф қилди. Улар бу ҳақда тергов бошлангунча тегишли органларга хабар беришлари керак бўлади.
2019 йилда шунга ўхшаш қонун лойиҳасини собиқ депутат Аида Исмоилова таклиф қилган эди. Ўшанда у овоз сотган қирғизистонликларни 20 мингдан 30 минг сомгача жаримага тортувни таклиф қилган.