Бишкек шаҳар суди тўрт журналистга нисбатан чиқарилган ҳукмларни ўз кучида қолдирди

78

18 декабрь куни Бишкек шаҳар судининг ҳайъати Temirov Live ва «Айт айт десе» лойиҳаларида фаолият юритган собиқ ва амалдаги тўрт ходимнинг Ленин тумани суди ҳукмига қарши берилган апелляция шикоятларини кўриб чиқди ва қаноатлантирмади.

Гап Махабат Тажибек қизи, Азамат Ишенбеков, Айка Бейшекеева ва Актилек Капарова ҳақида кетмоқда. Улар аввал туман суди томонидан оммавий тартибсизликларга чақириқлар бўйича айбли деб топилган эди.

Шаҳар суди қарорига кўра, Temirov Live лойиҳаси раҳбари Махабат Тажибек қизига олти йил қамоқ жазоси, «Айт айт десе» ходими Азамат Ишенбековга беш йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўз кучида қолдирилди. Шунингдек, Актилек Капарова ва Айка Бейшекееваларга уч йиллик пробация жазоси ҳам ўзгартирилмади. Иш бўйича айбланган қолган етти шахс жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли оқланди.

Адвокат Нурсултон Жонибеков улар шаҳар суди қарорига норози эканликларини билдириб, ишни Олий судга олиб чиқиш ниятида эканлигини маълум қилди.

«Бошида яхши натижага умид қилгандик ва қарор ўзгаришига ишонгандик. Суд жараёнлари давомида ишга алоқадор бўлмаганликларини кўрсатадиган кўплаб далиллар ва экспертизаларни тақдим этдик. Бироқ афсуски, суд бу далилларни инобатга олмади», — деди у.