11 декабрь куни Жўрғу Қенеш мажлисида давлат мадҳиясини ўзгартириш масаласи бўйича депутатлар комиссияси бир овоздан тузилди.
Комиссия таркибига Жанар Акаев, Аккулу Бердиев, Бақитбек Марипов, Винера Раимбачаева, Кубаныбек Самаков, Саидбек Зулпуев, Айбек Маткеримов ва Советбек Рустамбек ўғли киритилди.
Вице-спикер Нурбек Сидиғалиевнинг сўзларига кўра, ҳукумат томонидан ташкил этилган идоралараро комиссия янги мадҳиянинг учта вариантини депутатларга тақдим этади. Парламент аъзолари эса якуний вариантни келишиб, давлат рамзини тасдиқлайдилар.
Парламент спикери Нурланбек Шакиев давлат мадҳиясини 2025 йил апрелига қадар янгилашни топширган эди.
Нурланбек Шакиев давлат мадҳиясини ўзгартириш ғоясини октябрь ойининг охирида илгари сурган. Унинг фикрича, республика ҳозирда "оёққа туриб, ривожланиш йўлига кирган", шу боис ҳозирги мадҳия мамлакат СССРдан чиққандан кейин қабул қилинганига қарамасдан, ўзгартирилиши керак.
Бу ташаббус президент Садир Жапаров ва ҳукумат раҳбари ўринбосари Эдил Байсалов томонидан қўллаб-қувватланди.