Путиннинг Остонага ташрифи вақтида кўчадаги экранда Россия байроғи ўрнига Украина байроғи пайдо бўлди

60

27 ноябрь куни, Россия раҳбари Владимир Путиннинг Остонага расмий ташрифи вақтида, кўчадаги LED-экранлардан бирида Россия байроғи ўрнига Украина байроғи намоён бўлди. Шу муносабат билан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги жиноят иши қўзғатди.

Вазирлик маълумотига кўра, тергов жараёнида «ҳодиса сабаблари бўйича барча эҳтимолий версиялар» кўриб чиқилмоқда. Жумладан, техник носозликлар ва ташқи «ноқонуний аралашувлар» ҳақида фикр билдирилган.

Мазкур LED-экран «Астана Опера» театри яқинида жойлашган бўлиб, «Керуен Медиа» компаниясига тегишли. Компаниянинг тушунтиришича, кабелдаги носозлик сабабли экранда Украина байроғи намоён бўлган.

«Россия байроғининг юқори қисмидаги кабелда қисқа туташув содир бўлгани сабабли оқ ранг ўчган. Электр юкламасига боғлиқ равишда рангларнинг тоналиги ўзгарган, бу видео мобил телефон орқали кўрилганда қизил рангнинг сариқ бўлиб кўринишига олиб келган», — дейди компаниянинг техник масалалар бўйича директор ўринбосари Мухтар Бекбосунов, КазТАГ хабарига кўра.

Шу билан бирга, Давлат техник хизматининг версиясига кўра, LED-экранга хакерлар кирган бўлиши мумкин. Хизмат маълумотларига кўра, номаълум шахслар чет эл IP-манзиллари орқали прокси-серверлардан фойдаланиб ҳужум уюштирган.

Худди шу куни Қозоғистоннинг бошқа шаҳри Кўкшетауда Путиннинг ташрифига қарши чиққан уч фаолга нисбатан полиция жиноят иши қўзғатди. «Озодлик»нинг маҳаллий радиосининг ёзишича, уч йигит кўчада Украина ва Қозоғистон байроқлари билан чиқишган. Улардан бири қўлида «Қозоғистондан чиқиб кетинг!» деган ёзувли қоғоз ушлаб турган. Уларни майда безориликда айблашган.

Маҳаллий ОАВнинг маълум қилишича, қозоғистонликлар Остонадаги билбордлардан бирида Путин учун «Жаноби олийлари, жаноб Владимир Путин, Остонага хуш келибсиз!» деган табрик жойлаштирилганидан норози бўлган. Шу билан бирга, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ушбу баннерлар «протоколга мувофиқ» эканлигини таъкидлаган, деб хабар беради «Азаттиқ».