Қирғизистонда оилавий зўравонлик содир этган шахслар устидан электрон назорат ўрнатилиши мумкин

2

Адлия вазирлиги Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодекси ва «Оилавий зўравонликдан ҳимоя ва муҳофаза қилиш» тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиш ташаббусини кўтарди. Ушбу ўзгартишлар зўравонлик содир этган шахсларга электрон назорат ўрнатиш ва чекловлар жорий этишни таклиф қилади.

Ташаббускорларнинг айтишича, қонун гендер зўравонликнинг ҳамда камситишнинг олдини олувчи «самарали тизимни» тузишга ёрдам беради.

Масалан, суд оилавий зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан уч ойгача «электрон кузатув» билан тақиқ ва чекловлар киритиши мумкин — бу айбдорнинг жойлашувини масофадан кузатиш имконини беради.

Агар айбдор шахс бундай ҳимоя буйруғи қоидаларини бузса, унга 40 соатлик жамоат ишларини бажариш ёки етти кундан 14 кунгача ҳибс жазоси қўлланиши мумкин.

Бундан ташқари, суд жабрланувчилар билан тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқа қилишни тақиқлаш, вояга етмаган болалар билан мулоқот қилиш ҳуқуқини чеклаш ва муайян жойларда бўлишни тақиқлаш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

«Электрон кузатув орқали тақиқ ва (ёки) чекловлар қўлланган шахс устидан назорат қилиш пробация органига юкланади», — дейилади маълумотнома-асосда.

Оилавий зўравонлик Қирғизистондаги энг жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Ҳар йили милиция аёлларга нисбатан минглаб зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беради. Бу ҳолатлардан фақат аёллар куч топиб, содир бўлган воқеа ҳақида маълум қилишган ёки уларнинг жароҳатлари жиддийлиги милицияни аралашишга мажбур этган ҳоллардагина маълум бўлади.