«Ак-Кула» собиқ от спорти майдони ҳудуди хорижий икки компанияга тегишли фирмага берилди

83

Бишкек шаҳар мэри Айбек Жунушалиев «РЦА Ливинг» компанияси билан «Ак-Кула» собиқ ипподром ҳудудини 49 йилга бепул бериш бўйича келишув ва шартнома имзолади.

Муниципалитет маълумотига кўра, «РЦА Ливинг» МЧЖ икки хорижий компания — «ROX Group» ва «TNG Global Foundation»нинг маҳаллий филиали ҳисобланади.

«2024 йил 8 июл куни шаҳар ҳокимиятига ушбу мулк мажмуасини сотиб олиш бўйича таклиф келиб тушган», — деб маълум қилди ҳокимият вакиллари.

Мэрия шартномага мувофиқ, инвесторлар собиқ ипподром ҳудудида кўп функцияли мажмуа қуриш мажбуриятини олганини эслатиб ўтди. 53,5 гектар майдонда бизнес марказлар, турар жойлар, ижтимоий ва инфратузилма объектлари қурилиши режалаштирилган.

Шунингдек, компания учта мактаб, учта болалар боғчаси, парк ҳудудлари, йўллар ва тротуарлар қуриши шарт. Келгусида бу 3,5 миллиард сом қийматидаги объектлар шаҳар мулки сифатида топширилади.

«Инвестор Бишкекнинг Бош режасини ишлаб чиқишга маблағ ажратади. Натижада шаҳар ҳокимиятига 10 миллиард сомгача маблағ тушади», — дея қўшимча қилди мэрия.

Муниципалитет маълумотига кўра, умумий инвестиция ҳажми 87 миллиард сўмни ташкил қилади.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, «РЦА Ливинг» турар ва нотурар бинолар қурилиши билан шуғулланади.

1947 йилда қурилган «Ак-Кула» ипподроми от спорти ўйинлари учун дастлабки катта майдонлардан бири бўлган. Унинг умумий майдони 60 гектарни ташкил қилади. 2020 йилда объект авария ҳолатида деб топилди ва таъмирланмайдиган ҳолда экани маълум қилинди. Кейинчалик, ҳокимият ипподромни бузиб, унинг ўрнида кўп қаватли уйлар ёки «Москва-Сити»га ўхшаш бизнес марказ қуриш имконияти ҳақида баёнот берган эди.