Суриштирувчи журналист Болот Темиров фаол Тилекмат Куреновнинг паспорти ўғирлангани ва унинг Дубайдан чиқиб кетишига тўсқинлик қилингани ҳақида маълум қилди.
«Кеча тахминан соат 22:00 (БАА вақти) Тилекмат Куренов билан алоқа узилди. Уни Дубайга чақириб, паспортини ўғирлашда [собиқ депутат] Эмил Жамгирчиев айбдор. […] Маълумотларга кўра, БАА Куреновни экстрадиция қилишга рози бўлмаган. У ҳозир қаерда экани номаълум», — деб ёзди Темиров ўз телеграм-каналида.
Кейинроқ, Куреновнинг фейсбукдаги саҳифасида у полиция томонидан сўроқ қилингани, кейин эса қўйиб юборилгани ҳақида хабар қолдирилди.
Эмил Жамгирчиев эса Темиров ва Куреновнинг айбловларини спектакль деб атади ва фаолни таҳдидда айблади.
Собиқ депутатнинг таъкидлашича, Куренов аввал унинг ёрдамига муҳтож бўлгани учун унга мурожаат қилган. Охирги марта эса қизининг касаллиги боис ундан ёрдам сўраган.
«Мен унга БААда ўз қизига молиявий ёрдам бериши мумкин бўлган одамлар билан таништираман, деб билёт сотиб олдим. Дубайда учрашдик, мен қўлимдан келган ёрдамни бердим, бирга тушлик қилдик», — деб ёзди Жамгирчиев.
Бироқ у Куренов кейинчалик унга таҳдид қила бошлаганини айтди.
«У менга: “Сенинг Дубайдаги видеоларингни эълон қиламан, тўлов қилишига тўғри келади”, — деб таҳдид қилди. Маълум бўлишича, у бизнинг суҳбатларимизни видеога ёзиб олган. Бугун эса бу Темиров билан биргаликда тайёрланган сценарий экани маълум бўлди», — деб қўшимча қилди Жамгирчиев.
Собиқ депутат ҳозирда Қирғизистонда эканини ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) томонидан сўроққа чақирилганини маълум қилди.
МХДҚ эса Жамгирчиев билан Куренов ўртасидаги учрашув сабабларини аниқлаётганини ва бу ҳолат юзасидан текширув олиб борилаётганини маълум қилди.