Маданият вазирлиги ва парламент қўмитаси тарихий-маданий мерос объектларини сотишга қарши чиқди

79

ЖКнинг ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси аъзолари «Тарихий-маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Қирғизистон Республикасидаги инвестициялар тўғрисида»ги қонунларга киритилган ўзгартишларни биринчи ўқишда кўриб чиқиш пайтида қонун лойиҳасини муҳокамадан олиб ташладилар.

Қонун лойиҳасини депутатларга Иқтисодиёт вазири ўринбосари Искандар Асилқулов тақдим этди. Вазирлик давлат ва муниципалитетга қарашли эски биноларни тадбиркорларга сотишни таклиф қилмоқда.

Чиновникнинг айтишича, Бишкекда 129 та тарихий-маданий мерос объектларидан 14 таси маъмурий бинолар ҳисобланади.

«Масалан, Чўй проспектидаги Солиқ хизмати биноси эскирган. Агар инвесторлар 20 миллион доллар сармоя киритиб, шу ерда янги бино қурсалар, эскисини бузиш мумкин бўлади. Солиқчилар учун эса президент маъмуриятининг қарши томонида янги бино қурилмоқда», — деди Асилқулов.

Бир қатор депутатлар ўзгартишларга қаршилик билдириб, бу натижада тарихий объектлар йўқолиб кетиши мумкинлигидан хавотир олишди.

«Агар инвестор пайдо бўлса, биз унга тарихий маъмурий биноларимизни беришимиз мумкинми?» — деб сўради депутат Илимбек Кубоничбеков. Бу саволга Иқтисодиёт вазирининг ўринбосари тасдиқлаб жавоб қайтарди.

«Агар у [инвестор] биноларни бузиб, ўрнига бошқа нарса қурмоқчи бўлса, нима бўлади?» — деб эътироз билдирди парламент аъзоси.

Асилқулов ҳужжатда тарихий объектлар эмас, давлат ёки шаҳарга тегишли бинолар ҳақида сўз бораётганини айтди.

Бошқа бир депутат, Элдар Абакоров, қонун лойиҳаси нафақат маъмурий биноларни, балки Манас мақбараси, Бурана минораси ва бошқа йирик тарихий-маданий объектларни ҳам қамраб олиши мумкинлигини айтди.

«Бу яхши эмас. [...] Тарихий объект – тарихий объект, ва унинг давлат, муниципалитет ёки хусусий шахсга тегишли эканлиги муҳим эмас. Маданий-тарихий биноларни сотиш ёки бузиш керак эмас. Сиз тақдим этаётган қонун лойиҳаси буни рухсат беради. Солиқ хизмати биносини мисол қилиб келтиряпсиз. Уни тарихий ёдгорликлар реестридан чиқариш керак, шунингдек, Иссиқкўл меҳмонхонасини ҳам. Лекин уни реестрга киритиш ёки киритмаслик ҳақида тарихчилар ва маданиятшунослар қарор қабул қилиши керак», — деди депутат.

Абакоров Иқтисодиёт вазирлигини қонун лойиҳасини қайтариб олишга ёки муаммонинг бошқа ечимини таклиф қилишга чақирди.

Ўз навбатида, Иқтисодиёт вазири ўринбосари Чингиз Эсенгул уулу қонун лойиҳасининг Конституцияга зид эканлигини таъкидлади.

«Биз ушбу қонун лойиҳасига қарши чиқяпмиз. Биз ҳам салбий хулоса берган эдик. Конституцияда тарихий-маданий мерос, меъморий, археологик объектлар ва топилмалар давлат мулки ҳисобланади ва қонун билан алоҳида муҳофаза қилинади, дейилади. Шунинг учун биз таклиф қилинган ташаббусга қарши чиқяпмиз», — дея хулоса қилди у.

Натижада депутатлар қонун лойиҳасини муҳокамадан олиб ташлаш ва бу масала бўйича парламентнинг бюджет қўмитаси қарорини кутишга қарор қилишди.