Темирлан Султанбеков: Мени депутатликка номзодлар рўйхатидан чиқишимни сўрашди

93

«Социал-демократлар» партияси раҳбари Темирлан Султанбеков Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармасида қандай сўроқ қилингани ҳақида гапирди. Ундан кейин у яна ҳибсга олинди.

Султанбековнинг айтишича, сўроқ пайтида ундан Бишкек шаҳар кенгаши депутатлигига номзодлар рўйхатидан чиқиш тўғрисида ариза ёзишни сўрашган.

«Шунинг учун биз номзодлар билан йиғиламиз ва буни муҳокама қиламиз […] Биз ҳақиқат учун курашмоқдамиз. Мен, афсуски, кўплаб коррупционерларни [поёнига] еткандим. Ҳамма мендан нафратланади, тушунг», — деди сиёсатчи.

Шунингдек, партия раҳбари таъкидлашича, сўроқда гап партия штаби раҳбари Ирина Карамушкинанинг иштирокидаги аудиоёзув атрофида ҳам бўлган. Унда Карамушкина суҳбатдошига партия раҳбари Назар Ниязовга пул берганини айтган.

«“Талапкер” сайтида, Марказий сайлов комиссияси сайтида, Ниязовга маош сифатида 15 минг сом юборилганини кўришингиз мумкин. Ҳа, биз бошқа партиялар каби 30-50 минг сом бера олмаймиз. Лекин 15 минг сомдан берамиз. Ҳаммаси шартнома асосида. Биз бунга далил келтирдик. Терговчилар ҳайратда қолди», — деди у ва Ирина Карамушкина ҳамда Роза Турксевернинг ҳибсга олинишини «Қирғизистон Республикасининг қонунчилигини қўпол равишда бузилиши» деб атади.

Султанбековнинг баёнотидан сўнг «Апрель» таҳририяти уни яна ҳибсга олишганини кўрсатувчи видеони эълон қилди. Бу маълумотни партиянинг бир аъзоси журналистларга тасдиқлади.

Кеча «Социал-демократлар» номаълум шахслар партия штабидан келиб, бинода тинтув ўтказишганини маълум қилди. Шунингдек, партия раҳбари Темирлан Султанбековни сўроққа олиб кетишган.

Кейинчалик Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси партия штаби раҳбари Ирина Карамушкина ва партиядан депутатликка номзод Данияр Чўлпонбоев ўртасидаги гаплашувни акс эттирувчи аудиоёзувни тарқатди.

Бугун Ирина Карамушкина ва партиянинг ишончли вакили Роза Турксевер сайловчилар овозини сотиб олишда гумон қилиниб ҳибсга олингани маълум бўлди.

Маҳаллий кенгаш депутатлари сайлови 17 ноябрга белгиланган бўлиб, номзодлар орасида «Социал-демократлар» партияси аъзолари ҳам бор.