Райимбек Матраимов 200 миллион доллар тўлаб, ҳибсдан чиқди — Ташиев

105

Собиқ Божхона қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Райимбек Матраимов 200 миллион доллар (17 миллиард сомдан зиёд) миқдордаги маблағни давлат бюджетига тўлаганидан кейин СИЗОдан озод қилинди. Бу ҳақда 14 ноябрь куни парламент йиғилишида МХДҚ етакчиси Қамчибек Ташиев маълум қилди.

Унинг айтишича, барча сумма нақд пул билан тўланмаган.

«Сумманинг бир қисми мол-мулк билан тўланган. Бироқ биз барча мол-мулкларни экспертизадан ўтказдик, баҳоладик ва арзон нархда олдик. Масалан, унинг Айтматов кўчасида 14 қаватли бизнес маркази бор эди. Ҳозирда бу биноларни ҳарбийлар учун шифохонага айлантирмоқдамиз. Бино 53 миллион долларга баҳоланган эди, лекин биз уни 32 миллион долларга сотиб олдик», — деди у.

Ташиевнинг қўшимча қилишича, Матраимовга нисбатан чегараларни ноқонуний кесиб ўтиш, безорилик ва жиноий даромадларни қонунийлаштириш бўйича жиноят иши қўзғатилган. У таъкидлашича, иш судга етказилганида, Матраимов бу моддалар бўйича белгиланган жазони олади.

«Бу моддалар бўйича қамоқ ёки жарима жазоси кўзда тутилган. У шулардан бирини олади. У пул тўлаганидан кейин уни ҳибсда ушлаб туришнинг маъноси йўқ эди», — хулоса қилди у.

11 ноябрь куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди Райимбек Матраимовга нисбатан жазо чорасини ўзгартириб, уни чиқиш-киришга тақиқ қўйиш шартлари билан озод қилди. Ундан аввал собиқ божхона ходими олти ойдан ортиқ вақт давомида МХДҚ СИЗОсида сақланган эди.

Райимбек Матраимов ва унинг ака-укаси — Тилек, Исламбек ва Русланлар — 2024 йил март ойининг охирида Озарбайжондан Бишкекка МХДҚ томонидан олиб келинган эди. Ўша пайтда Давлат қўмитаси собиқ божхоначига нисбатан ноқонуний озодликдан маҳрум қилиш ва жиноий даромадларни қонунийлаштириш ишлари бўйича ҳибсга олинганини маълум қилган. Махсус хизмат Матраимов марҳум жиноий раҳнамолардан Камчи Кўлбоев билан яқин алоқада бўлганини таъкидлаган эди.

2021 йилда суд Матраимовни коррупцияда айбли деб топган ва уни 260 минг сом жарима тўлашга ҳукм қилган эди. Шунингдек, собиқ божхона қўмитаси раҳбарининг ўринбосари ўзи ҳам коррупцияда айбини тан олган ва давлат бюджетига зарарни қоплаш мақсадида 2 миллиард сом тўлашга рози бўлган эди.