«Социал-демократлар» партияси штабида тинтув: Милция сайловчиларнинг овозини сотиб олиш иши бўйича жиноят ишини қўзғатди

44

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси «Социал-демократлар» партияси штаби раҳбари Ирина Карамушкина ва партиядан депутатликка номзод Данияр Чўлпонбоев ўртасидаги суҳбатни акс эттирувчи аудиоёзувни эълон қилди.

Пойтахт милицияси маълумотларига кўра, бу ёзувда «Социал-демократлар» маҳаллий кенгаш депутатлигига бўлажак сайловларда сайловчиларнинг овозини сотиб олишни муҳокама қилгани айтилади. Аммо аудиоёзувда тўғридан-тўғри овоз сотиб олиш ҳақида гапирилмаган.

Бишкек шаҳар ички ишлар бошқармаси маълумотларига кўра, суҳбат ёзуви 13 ноябрда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган. Шу асосда, милиция сайловчиларнинг овозини сотиб олиш моддаси бўйича жиноят ишини қўзғатган.

Ички ишлар бошқармаси маълум қилишича, ҳозирда бу жиноят иши бўйича тергов-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Тафсилотлар кейинроқ эълон қилинади.

Аввалроқ, «Социал-демократлар» партиясининг аъзолари номаълум шахслар ўзларини таништирмай туриб, партия штабига келиб, бинода тинтув ўтказганини ва партия раҳбари Темирлан Султонбековни сўроққа олиб кетишганини маълум қилишган эди.

Маҳаллий кенгаш депутатлари сайлови 17 ноябрга белгиланган бўлиб, номзодлар орасида «Социал-демократлар» партияси аъзолари ҳам бор.