Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги Қирғизистон ИИВнинг Россия шаҳарларида ваколатхоналар очишига изоҳ бериб, маълум қилди.
Идора хабар беришича, ҳуқуқ-тартибот органлари ўртасидаги ҳамкорлик 2017 йил 20 июндаги ҳукуматлараро келишув асосида амалга оширилади. Бу келишувга кўра, миграция соҳасида ваколатли органларнинг ўзаро ваколатхоналар очиши назарда тутилган.
«Бу ваколатхоналар ходимларининг сони томонлар келишувига кўра белгиланади ва уларнинг бўлимлари бир неча шаҳарда очилиши мумкин. Ҳужжатга кўра, ваколатхоналар ходимлари ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жиноятларни тергов қилиш ва ошкор қилиш вазифаларини бажариш ваколатига эга эмас. Улар асосан ўз давлатлари фуқароларига ёрдам кўрсатиш, жумладан, Қирғизистондан Россияга ва Россиядан Қирғизистонга кўчиб ўтиш масалаларида кўмаклашиш вазифасини бажарадилар», — деб таъкидлади Россия ИИВ.
Идора қўшимча қилиб, Қирғизистон ИИВ ходимлари Россияга дипломатик маслаҳатчи ва котиб мақомида, Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси таркибида келганини маълум қилди.
Аввалроқ Қирғизистон ИИВ Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург ва Новосибирск шаҳарларида ваколатхоналарини очди. Уларнинг вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам бериш, жиноятларнинг олдини олиш ва қирғизистонликлар томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Шунингдек, Қирғизистон милицияси ходимлари Россияда Қирғизистон фуқаролари иштирокидаги гиёҳванд моддалар айланмаси масалаларига ҳам эътибор қаратади. Улар Россияда қолиш учун рухсатнома олмаган 72 минг қирғизистонлик билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда ҳам ёрдам кўрсатадилар.