Орунбеков: Бизнинг душманларимиз — коррупционерлар, ўғрилар, бандитлар ва тинчликни истамайдиган сиёсатчилар

53

Президент администрациясининг матбуот хизмати раҳбари Дайирбек Орунбеков колонияда бўлган фаол Мелис Аспековнинг баёнотларига жавоб қайтарди.

Орунбековнинг айтишича, Қирғизистон 30 йил мобайнида Кумтор кон мажмуасидан атиги 101 миллион доллар дивиденд олган. Унинг сўзларига кўра, 2022 йилдан бошлаб республика 291 миллион доллар дивиденд олди.

«Мелис Аспеков ва унинг буюртмачиларига кўра, Кумтор ҳали ҳам чет элликларнинг қўлида қолиши керак эди. Чет эл компанияси 30 йил давомида Кумторда ишлади, ва биз қандай фойда кўрдик? 424 тонна олтин олиб кетишди, аммо бизга атиги 101 миллион доллар дивиденд берилди», — деди у.

Орунбековнинг таъкидлашича, Кумторнинг давлат бошқарувига ўтиши «ҳар бир қирғизнинг орзуси эди».

«Бироқ, буни амалга ошириш учун бирор бир ҳукумат ёки ҳокимиятда сиёсий ирода ва имконият етарли бўлмаган. Шунинг учун Мелис Аспеков ва унга ўхшаш фирибгарларнинг ёлғонининг аҳамияти йўқ. Улар халқнинг фикрини ўзгартириш ва ёлғон гаплар билан халқ норозилигини уйғотишга ҳаракат қилмоқда, гўёки Садир Жапаров миллиардларни ўмарган экан», — деди президентнинг матбуот хизмати раҳбари.

Орунбеков ҳар йили юзлаб мактаблар қурилаётганини эслаб, бу каби кўрсаткичларга ҳатто Совет Иттифоқининг гуллаб-яшнаган даврларида ҳам эришилмаганини таъкидлади.

У сўзини якунлар экан, Жапаров жамоаси энг аввало оддий халқка суянишини таъкидлади.

«Бизнинг душманларимиз — коррупционерлар, ўғрилар, бандитлар ва тинчликни истамайдиган сиёсатчилар. Президент фақат Аллоҳга ва оддий халққа таянади. Шунинг учун фирибгарликда айбланган ва бир неча бор судланган Мелис Аспековга ўхшаганларга ишонмасликка чақирамиз», — деди Орунбеков.

Бундан аввал Садир Жапаровнинг собиқ тарафдори бўлган Мелис Аспековнинг видеолавҳалари тармоқларда тарқалган эди. Унда фаол коррупцияда айбланган собиқ божхоначи Райимбек Матраимов, уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Камчи Қўлбаевнинг ўлдирилиши ва президент ҳақида гапирган. Шунингдек, Аспековнинг фикрича, Кумтор бўйича Centerra Gold билан тузилган келишув Қирғизистон учун ноқулай бўлган.