Жапаров журналистларни касбий байрамлари билан табриклади

41

Президент Садир Жапаров оммавий ахборот воситалари вакилларини Ахборот ва матбуот куни билан табриклади.

Унинг таъкидлашича, тўғри, аниқ ва объектив ахборот бериш онгли жамиятни яратишда муҳим роль ўйнайди. Давлат раҳбарига кўра, бу нуқтаи назардан журналистларнинг ўрни беқиёсдир.

«Сизнинг касбингиз ҳар бир сўзга эътиборли бўлишни, фактларни синчковлик билан текширишни ва объективликка алоҳида аҳамият беришни талаб қилади. Чунки ҳар бир мақола, эшиттириш, репортаж ёки ҳатто энг қисқа хабар фақатгина алоҳида шахснинг дунёқарашига таъсир қилиш билан чекланмай, жамоат фикрини шакллантиришда, одамларнинг воқеаларга муносабатини аниқлашда катта роль ўйнайди», — деди президент.

Жапаров, шунингдек, «янги Қирғизистонни қуриш йўлида воқеаларни объектив ёритишга бўлган журналистларнинг садоқати ва интилишини юқори баҳолашини» таъкидлади.

Бу йил журналистларнинг оммавий равишда қўлга олиниши, суд жараёнлари ва нашрларнинг блокланиши кузатилди. Медиа ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар Қирғизистонда сўз эркинлиги «сезиларли даражада ёмонлашганини» ва ОАВга босим кучайганини қайд этмоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат вакиллари мамлакатда сўз эркинлиги мавжуд ва келажакда ҳам сақланиб қолишига ишонч билдирмоқда.