Президент давлат улуши бўлган меҳмонхоналарда казино очишга рухсат берувчи қонунни имзолади

19

Президент Садир Жапаров 4 ноябрь куни Қирғизистон Республикасида «Қимор ўйинлари фаолияти тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини имзолади. Ҳужжатнинг ташаббускори — Вазирлар Маҳкамасидир.

Энди қонундан казино ва бошқа қимор ўйинлари масканлари давлатга тўлиқ ёки қисман тегишли бўлган бино-иншоотларда, шунингдек, давлат улушига эга ташкилотларда жойлашиши мумкин эмаслиги ҳақидаги банд чиқариб ташланади. Қонун 20 ноябрдан кучга киради.

Ташаббускорларнинг айтишича, ҳужжат инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва солиқ тушумларини кўпайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

2022 йилнинг июнида президент Садир Жапаров Қирғизистонда казино фаолиятига рухсат берувчи қонунни имзолаганди. Ундан аввал қонун парламентда муҳокамалар билан қабул қилинган ва мамлакатнинг бир неча шаҳрида казиноларга қарши митинглар ўтказилган эди.

Президент матбуот хизмати маълум қилишича, қонун давлат бюджетига қўшимча маблағлар жалб қилиш учун инвестициялар киришига қулай шароит яратишга қаратилган. Қимор ўйинлари масканларига Қирғизистон фуқаролари, шунингдек, ҳуқуқий қобилияти чекланган ёки 21 ёшга тўлмаган хорижликлар киритилмайди.