Ижтимоий тармоқларда пойтахтдаги 57-мактабда ўқувчининг онаси билан тарих ўқитувчиси ўртасидаги жанжал тасвирланган видео тарқалди. Видеода аёл ўқитувчини бутун синф олдида камситию, уни йиғлатганини кўриш мумкин.
«Сен кимсан ўзи? [...] Болам билан бунақа оҳангда гапириш ҳуқуқинг йўқ. Сен оддий ўқитувчисан [...] Мен сенга она бўладиган ёшдаман! Тарбиясиз, яна ўқитувчи бўлиб ишлайсан. Мен сен билан вазирликда ҳам гаплашаман!» — дея огоҳлантирган аёл ўқитувчини.
Видеода ўқитувчи ўқувчининг онасига пулни қайтарганини кўриш мумкин. Ўқитувчининг 24.kg нашрига айтишича, аёл аввал Ўқитувчиларкуни учун совғага деб берилган 300 сомни қайтаришни талаб қилган.
Ўқитувчининг сўзларига кўра, бола сентябрь охирида мактабга янги кўчиб келган. Можаро ўқитувчи уни «қизларни хафа қилиб, уларни ургани» учун танқид қилганидан сўнг келиб чиққан. Ўқувчи йиғлаб юборган.
«Кейин у бошқа бола билан жанжаллашиб кетибди, лекин бу ҳақда менга эмас, онасига шикоят қилибди. Онасига қўнғироқ қилиб, боланинг ҳужжатларини олиб келишини сўраганимда, у мен боласига доим танбеҳ бериб юришимни айтиб, шикоят қила бошлади», — деди ўқитувчи ва шундан сўнг ўқувчининг онаси мактабга келиб, директорга шикоят қилганини қўшимча қилди.
Бу ҳодисага Таълим вазирлиги ҳам муносабат билдирди. Вазирлик ўқитувчиларга босим ўтказиш ва уларнинг обрўсини туширишга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Идора ўқувчиларнинг ота-оналарини ўқитувчиларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди.
Шунингдек, вазирлик мактаб маъмурияти ва шаҳар маориф департаменти ушбу воқеа бўйича тегишли давлат органларига мурожаат қилганини маълум қилди.
24.kg маълумотига кўра, ўқитувчи босимга чидай олмай, ноябрь бошида ишдан бўшаган.