Вазирлар маҳкамаси етакчисининг ўринбосари Эдил Байсалов Қирғизистон гимнини ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватлаб чиқди.
«Бироз аввал барчамиз ўрнимиздан туриб, қўлларимизни кўксимизга қўйиб, миллий мадҳиямизни айтмоқчи бўлдик. Парламент спикери (ва президент) бу масалада чиқиш қилишга журъат этгани эса, ҳар биримиз шуни анча вақтдан бери ҳис қилиб келаётганимизга ишора қилади [...] Биз бу гимнни юракдан айтиб бера олмаяпмиз», — деди Байсалов.
У уч йил аввал композиторлардан амалдаги гимнни янгисига алмаштириш мумкинми, яъни уни «осонроқ» куйлаш мумкин бўлган қилиб, ўзгартириш ҳақида сўраганини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирги мадҳия билан ватанга муҳаббат изҳор қилиш ва уни улуғлаш қийин.
«Кўпчилик ОАВ вакиллари бу масалани нотўғри тушуниб, мамлакатнинг янги раҳбарияти барча нарсани ўзгартишни истаяпти, деб ўйламоқда. Йўқ! Барчамиз, қирғизистонликлар, бунга эҳтиёж борлигини анча вақтдан бери ҳис қилиб келмоқдамиз ва бу ҳақда айтмоқчи эдик», — деди Байсалов.
У композиторлар ва мусиқачиларни гимнни ўзгартириш ташаббусини қўллаб-қувватлашга ва янги талқин яратишда иштирок этишга чақирди.
Аввалроқ президент янги гимнда биз «мустақилликка эришдик» деб эмас, балки «биз аллақачон мустақилмиз» деб куйлашимиз кераклигини айтган эди. Садир Жапаров, агар кўпчилик қирғизистонликлар янги гимнни қўллаб-қувватласа, уни қабул қилиш яхши бўлади, деб таъкидлади.
Давлат гимнини ўзгартириш ташаббусини аввалроқ парламент спикери Нурланбек Шакиев билдирган эди. Унинг фикрича, республика ҳозирда «оёғига туриб олган ва тараққиёт йўлига қадам қўйган», ҳозирги гимн эса мамлакат СССР таркибидан чиққан пайтда қабул қилинган.