АҚШ Россияга ускуна етказиб берган яна бир қирғиз компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилди

106

АҚШ Давлат департаменти, Молия вазирлиги ва Савдо вазирлиги Россия билан ҳамкорлик қилаётган ва Украинадаги урушни давом эттириш учун товарлар етказиб берган қарийб 400 ташкилот ва шахсларга қарши санкциялар жорий қилди.

Санкцияга учраган ташкилотлар орасида қирғиз компанияси — «Сервис Флай Бишкек» (Service Fly Bishkek) ҳам бор. АҚШ ҳукуматининг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январидан май ойигача компания Россиянинг «Warehouse Foress» компаниясига 1,2 миллион доллардан ортиқ суммада товарлар етказиб берган.

Қирғизистон Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, Service Fly Bishkek «бошқа турдаги машиналар ва ускуналарни улгуржи савдо қилиш» билан шуғулланади, унинг эгаси Магамед Омаров ҳисобланади. Шу вақтда Россия компанияси ҳаво кемаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланади.

«CHPL тоифасидаги товарлар, шу жумладан, микроэлектроника ва авиация компонентлари АҚШ ва ЕИдан жўнатилган», — дейилади Давлат департаменти баёнотида.

АҚШ Давлат департаментининг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати Россиянинг ҳарбий мақсадлар учун технология ва ускуналарни учинчи давлатлар орқали сотиб олиш каналларини бузишга интилаётган. Бу санкциялар Россиянинг ҳарбий-саноат базаси учун муҳим бўлган экспорт қилувчи давлатларга қаратилган.

Бундан аввал ҳам АҚШ ҳукумати Россиянинг саноат объектлари билан ҳамкорлик қилган бир қанча қирғиз компанияларини санкциялар рўйхатига киритган эди. Сўнгги марта бу рўйхатда «Транзит Сервис Бишкек» ва «Нова проект» компаниялари пайдо бўлган.

2022 йилнинг февралида Россия Украинага кенг кўламли ҳужум бошлагандан кейин АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар жорий қилди ва ҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкин бўлган технологиялар экспортини чеклашни кучайтирди.

Қирғизистон ҳукумати Россиянинг Украинага бостириб кириши масаласида расман нейтраллик позициясини ушлаб келмоқда. Аммо Россия ҳали ҳам Қирғизистон, Қозоғистон ва чекловлар таъсир қилмаган бошқа мамлакатлар орқали ғарб технологияларини олмоқда.