Россия уруш туфайли армиядан қочган қирғизистонликни экстрадиция қилишни сўрамоқда

62

Бир ҳафта муқаддам Бишкекда Россияда қидирувга берилган ва Украинадаги уруш бошланганидан кейин ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан тарк этган ёш йигит қўлга олинди. Йигитнинг онаси Қирғизистон уни Россияга топшириши мумкинлигидан хавотирда. Йигит ҳақидаги ҳикояни «Мигрант Медиа» лойиҳаси ёритди.

Фарида Мирзаеванинг айтишича, унинг Самат исмли ўғли ўсмирлик даврида Россия фуқаролигини олган, гарчи асосан Қирғизистонда яшаб, ўқиган ва қирғиз фуқаролигидан воз кечмаган.

2019 йилда у Россия армиясида мажбурий ҳарбий хизматга борган, кейин эса контракт асосида хизматни давом эттирган. Россия Украинага тўлақонли бостириб киргандан кейин, у ҳарбий қисмдан қочиб, Қирғизистонга қайтган. Мирзаевага кўра, унинг ўғли урушдан аввал ҳам контрактни бекор қилишга уринган, лекин бунинг имкони берилмаган, гарчи аввал бошда «хоҳлаган вақтда контрактни бекор қилиши мумкинлиги» айтилган бўлса ҳам.

Самат 2022 йил март ойида ватанига қайтган. Онаси у икки йил давомида ёпиқ ҳолда яшаганини ва уни кўчага чиқаришдан қўрққанини айтиб ўтди.

Ҳозирги вақтда Самат Бишкекдаги СИЗО-1 да сақланмоқда. Россия томони уни Россия фуқароси сифатида экстрадиция қилишни талаб қилмоқда.

«Менинг фарзандим — Қирғизистон фуқароси. У Қирғизистонда катта бўлган. Уни Россияга бергим келмайди! Уни урушга жўнатгим келмайди! [...] Ўғлим “у ерда ўлганим яхши, фронтда эмас, у ерда ҳатто танамни топа олмайдилар” деб айтганди. “Она, агар улар мени олиб кетишса, мени қандай қилиб топасиз?” деб сўраганди. Мени ўғлимдан бошқа ҳеч кимим йўқ!” — деди Мирзаева.

Саматнинг яқинлари Қирғизистон ҳукуматидан уни экстрадиция қилишга йўл қўймасликни сўрашмоқда.