Анқарадаги терактда беш киши ҳалок бўлди — улар орасида қирғизистонликлар йўқ

13

Анқарадаги Турк аэрокосмик корпорацияси TUSAŞ (Туркия авиация ва космик саноати) қароргоҳига бўлган террорчилик ҳужуми натижасида камида беш киши ҳалок бўлди, 22 киши яраланди. Бу ҳақда Туркия ИИВ раҳбари Али Ерликаяга таяниб, Би-би-си рус хизмати хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, терактни амалга оширган икки террорист — эркак ва аёл — ўлдирилган. Би-би-сига кўра, улар қўриқчилар навбатини алмаштириш пайтида портловчи қурилмани ишга туширишган. Портлашдан кейин отишма бошланган.

Шу билан бирга, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Туркиядаги қирғиз элчихонасига таяниб, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида қирғизистонликлар йўқлигини маълум қилди.

Туркия ҳукумати ҳужумни мамлакатда тақиқланган Курдистон ишчилар партияси билан боғлаган. Терактдан бир неча соат ўтиб, Туркия курдлар объектларига Сурия ва Ироқда зарбалар берган.

Deutsche Welle нашри Туркия мудофаа вазирлигига таяниб хабар беришича, авиаҳужумлар натижасида «террорчиларга тегишли бўлган 32 мақсадли объект муваффақиятли йўқ қилинган». Зарбалар қайси объектларга қаратилгани ҳақида вазирлик маълумот бермаган, лекин ҳаво операциялари давом этаётгани айтилган.

Turkish Aerospace Industries компанияси жангчи самолётлар ва дронларни ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.