Парламент йиғилишида депутат Дастан Бекешев айрим ўсмирлар мактабларда квадробинг билан шуғулланаётганини таъкидлади.
*Квадроберлар — бу тўрт оёқлаб юриб, ҳайвонлар ҳаракатларини тақлид қилувчи субмаданият вакилларидир.
Депутатнинг фикрича, Билим вазирлиги мактаб ўқувчиларининг бундай хатти-ҳаракатларига қарши курашиши лозим. Бироқ у Қирғизистонда квадробинг унчалик оммалашмаганини таъкидлади.
«Лекин барибир ўсмирлар орасида “квадробобер... квадробер” деб аталадиган йўналишдаги бир тенденция бор. Айрим мактаб ўқувчилари ўзларини ҳайвонга ўхшатишга ҳаракат қилишмоқда ва “турли нарсалар”ни қилишмоқда», — деб хавотир билдирди Бекешев.
Парламент аъзоси вазирликни мактабларда тушунтириш ишларини бошлашга ва квадробингга қизиқувчи болаларни аниқлаш учун текширувлар ўтказишга чақирди.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати ота-оналарни «бало-атга етмаган болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик» учун жавобгарликка тортиш ҳақида огоҳлантирган эди. Агар болалар квадробинг билан шуғуллангани аниқланса, уларнинг ота-оналарига қарийб 1 миллион 875 минг сўм (тахминан 12 минг сом — таҳр. изоҳи) миқдорида жарима солиниши ёки 15 суткага қамоққа олиниши мумкин.
Ўзбекистон ИИВ маълумотларига кўра, октябрь ойида Тошкент аҳолиси квадроберларни икки жойда кўрган. Уларнинг айтишича, биттаси ҳайвон ниқобида бўлган, бошқаси эса ўзини итга ўхшатиб, жамоат транспортида йўловчиларга ҳужум қилган.