IPHR: Қирғизистонда медиа муҳити журналистларнинг қўлга олиниши ва ОАВ сайтларининг блокланиши туфайли ёмонлашди

2

Ҳуқуқ ҳимоячилари ташкилоти — «Инсон Ҳуқуқлари бўйича Халқаро Ҳамкорлик» (IPHR) Қирғизистонда сўз эркинлиги «сезиларли даражада ёмонлашганини» таъкидлади.

Ташкилотнинг таҳлилига кўра, Қирғизистонда медиамуҳит «журналистларнинг қидирувлари ва қўлга олиниши, шунингдек, ОАВ сайтларининг блокланиши» сабабли ёмонлашган. Бундан ташқари, Бишкек марказида ҳали ҳам норозилик акциялари ўтказишга тақиқ сақланиб қолмоқда, бу инсон ҳуқуқларини бузиш ҳисобланади, деб таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячилари.

Ҳуқуқ ҳимоячиларни шунингдек «хорижий агентлар тўғрисидаги» қонун қабул қилиниши ҳам хавотирга солмоқда. Уларга кўра, бу қонун давлат томонидан ННТлар устидан «жиддий ва тамғалашга олиб келувчи» назорат ўрнатади.

«Қонунга риоя қилмаслик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин, жумладан, ННТларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш. Баъзи ННТлар ўзларини тугатаётган бўлса, бошқалари оқибатлардан қочиш мақсадида фаолиятини чеклашмоқда», — дея қўшимча қилди IPHR.

Ҳуқуқ ҳимоячиларнинг фикрига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ҳокимиятлари «дезинформация ва “анъанавий қадриятлар”нинг бузилишига оид хавотирларни» фуқаролик жамиятини чеклаш учун баҳона қилиб ишлатмоқда.