Депутат ва Қирғизистон парламентининг халқаро ишлар ва миграция бўйича қўмитаси раиси Улан Примов Россия Давлат Думаси раис ўринбосари Борис Чернишёв билан учрашиб, Россиядаги мигрантларга доир вазиятни муҳокама қилди.
Примовнинг таъкидлашича, қирғизистонликлар ўз болаларини Москва ва Москва вилоятидаги мактаблар ва болалар боғчаларига қабул қилинмаётганидан шикоят қилмоқда. Шунингдек, у мигрантларнинг Россияга киришига рухсат берилмаётгани ва аэропортларда уларни узоқ вақт текширилаётганини айтди.
«Қирғизистон фуқаролари ЕОИИ доирасида фарқли ёндашувга эга бўлиши керак», — деди Примов.
Россия Давлат Думаси раис ўринбосари Чернишёв бу масалалар бўйича музокаралар турли даражаларда, жумладан, Москва Таълим департаменти билан ҳам ўтказилишини таъкидлади.
Қирғизистонликлар мигрантларнинг фарзандларини Россия мактабларига қабул қилмасликлари ҳақида сентябрнинг ўртасида хабар беришган. Уларга кўра, болалар уйда ўтиришга мажбур, ҳарчандки, уларнинг ота-оналари Россияда расман ишламоқда.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу вазиятни изоҳлар экан, Москва мактабларида «бўш жойлар йўқ»лигини таъкидлади. Уларнинг маълумотига кўра, 224 бола таълим муассасаларига қабул қилиниши учун кутиб турибди.
Сентябр ойининг бошида Давлат Думага қонун лойиҳаси киритилган бўлиб, у Россия фуқаролигига эга бўлмаган мигрантларнинг болаларига бепул таълим беришни тақиқлашни таклиф қилди. Ҳужжатда мигрантлар сони «назоратсиз» кўпайиши сабабли россиялик болалар учун жой қолмаяпти, деган иддао билдирилган эди.
Сентябрнинг охирига келиб, Россия Таълим вазирлиги мактаб ва болалар боғчаларига рус тилини яхши билмайдиган учтадан ортиқ мигрант болаларни қабул қилмасликни тавсия қилди. Уларга кўра, бундай болаларнинг синфларда ва гуруҳларда кўплиги таълим жараёнига салбий таъсир кўрсатади.