Ташқи қарзни «яшил лойиҳалар» ва муҳтож мамлакатлардаги инвестициялар учун алмаштиринг. Жапаров БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида яна нима ҳақида гапирди?

131

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессияси умумий мунозараларида иштирок этди.

Мамлакат раҳбари ўз нутқида ҳарбий харажатлар ўрнига камбағал ва заиф мамлакатларга сармоя киритиш зарурлигини таъкидлади.

«Биз шундай йўл тутишимиз керакки, урушлар, вайронкорлик ва ўлимга сарфланаётган пуллар яратиш ва бутун инсоният учун глобал муаммоларни ҳал этиш, мамлакатларга иқлим ўзгаришига қарши курашишда ёрдам бериш, оммавий кўчиш ва глобал миграциянинг олдини олиш учун йўналтирилиши мумкин. […] Камбағал мамлакатларнинг келажагига сармоя киритиб, […] биз барқарор ва хавфсиз дунё яратишимиз мумкин», — деди у.

Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг барқарор тинчлик тартибини ўрнатиш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр. Шу муносабат билан Қирғизистон 2027–2028 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини кўрсатмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбари ривожланаётган давлатларга иқлим ўзгаришига қарши курашишда ёрдам бериш мақсадида қарзни «яшил иқтисодиёт»га алмаштириш механизмидан фойдаланишни яна бир бор таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон тоғли ҳудудларда экологик лойиҳаларни молиялаштирадиган Иқлим Траст жамғармасини яратиш бўйича иш олиб бормоқда.

Бундан ташқари, Жапаров келгуси йилда Қирғизистоннинг Кемин шаҳрида «яшил шаҳар» қурилиши бошланишини маълум қилди.

Якунида Жапаров Қирғизистон миллий сиёсатини амалга оширишда иқлим масалаларига алоҳида эътибор қаратаётганини ва яшил ривожланиш тамойиллари асосида 2050 йилга келиб углерод нейтраллигини таъминлашни режалаштираётганини таъкидлади.