Бекешев: Хорижий компания Қирғизистонда телефонларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини қандай қўлга киритди?

142

Депутат Дастан Бекешев Жогорку Кенгашнинг транспорт ва коммуникациялар бўйича қўмитасида хорижий компания қандай қилиб Қирғизистонда телефонларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини олгани масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. У бу таклифни 25 сентябрь куни парламент мажлисида илгари сурди.

Бекешевнинг сўзларига кўра, айрим фуқаролар 600 сом тўлаб янги мобил қурилмани рўйхатдан ўтказишга уринган бўлсалар ҳам, телефонлари рўйхатдан ўтказилмаяпти.

«Биз қонун лойиҳасини муҳокама қилганимизда, бу ишни маҳаллий компания амалга оширади, дейилган эди. Энди эса Россиядан келган кимдир бунга масъул бўлибди. Қандай қарор, шартнома ва тендер асосида ҳукумат бундай ҳуқуқни берган? Улар бу ерда офисга эга эмас. Биздан пул олаётган ким экани номаълум. Бундан ташқари, бу тизим яхши ишламаяпти. Ҳукумат буни назорат қилмаяпти», — деди у ва нега телефонларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи хорижий компанияга берилганини аниқлашни таклиф қилди.

Қирғизистонда 25 июндан бошлаб барча мобил телефонларни Давлат идентификация тизими (ДИТ)да мажбурий рўйхатдан ўтказиш жорий этилди. Шу кундан бошлаб мамлакатга олиб кирилган барча қурилмалар чегарада рўйхатдан ўтказилиши, Қирғизистон ҳудудидаги телефонлар эса 30 кун ичида рўйхатдан ўтказилиши керак. 16 августдан рўйхатдан ўтмаган телефонлар ўчирила бошланди.

Телефонларни рўйхатдан ўтказиш бўйича ваколатли давлат органи Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ҳисобланади, IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишни эса «Инмобайлс» МЧЖ амалга оширади. Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, у хорижий иштирок этувчига эга компаниядир. «Инмобайлс» МЧЖ 2021 йилда рўйхатдан ўтган. Унинг муассислари Шарбел Эль Литани ва Татьяна Козирскаядир.