«Балки, талабалар устида тажриба ўтказишни тўхтатармиз?» — ЖК депутатлари Вазирлар маҳкамасини аввалги ўқув графигина қайтишга чақирди

83

Депутат Дастан Бекешев 11 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент мажлисида Бишкек талабалари учун қабул қилинган дарс жадвалига қарши чиқди, унга кўра талабалар соат 10:00 да дарсни бошлаши керак.

Депутатнинг фикрича, аввал йўллардаги тирбандлик соат 19:30 гача давом этган бўлса, эндиликда 21:30 га қадар машина пробкалари кучайган. Бекешевнинг таъкидлашича, иккинчи сменадаги талабалар ҳам бор, улар кечгача дарсларда ўтиришга мажбур.

«Балким, талабалар устида тажриба қилишни тўхтатармиз? Бу қарорни бекор қилинг. Соат саккизда ҳеч ким ўқишни ҳам, дарс беришни ҳам хоҳламайди», — деди у.

Бекешевнинг фикрини унинг ҳамкасблари Нурланбек Шакиев ва Марлен Маматов ҳам қўллаб-қувватлашди. Уларнинг қўшимча қилишича, бундай жадвал туфайли мактаб ўқувчилари ва талабалар қийналмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчилари соат 6:00 да туришга мажбур, чунки мактабга 7:30 га етиб боришлари керак. Бунинг оқибатида, улар дарсларда ухлаб қолишмоқда. Иккинчи сменада ўқувчилар эса соат 22:00-23:00 да кечки овқат ейишга мажбур. Парламент аъзолари Бишкек шаҳар ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамасидан олдинги дарс жадвалини қайтаришни талаб қилишди.

Kaktus.media нашрига таълим вазирлиги вакиллари маълум қилишича, вазирлик ушбу жадвалга қарши бўлган. Лекин уларнинг фикрлари инобатга олинмаган.

«Биз бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасига салбий хулоса йўллаганмиз. Ҳозирги вақтда ўқув муассасаларидан ушбу қарорни ўзгартириш тўғрисида кўплаб сўровлар келиб тушмоқда. Шулар асосида шаҳар ҳокимлиги ва Вазирлар Маҳкамасига мактуб тайёрлаяпмиз», — деди вазирлик вакили.

Аввалроқ, олий ўқув юртлари ва коллеж талабалари янги дарс жадвалини бекор қилиш талаби билан петиция бошлаган эди. Улар ўзларининг жамоат транспортидан фойдаланишларини, шунинг учун пробкаларга сабаб бўлмасликларини таъкидлашди. Шунингдек, кўплаб талабалар ўқиш билан ишни бир вақтда олиб боришларини айтдилар. Аммо кечки дарслар туфайли бу имконсиз бўлиб қолди, деб шикоят қилишмоқда талабалар. 4 сентябрдан буён петицияни 900 дан ортиқ талаба имзолади.

Июль ойи охирида Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаров қарор имзолаган бўлиб, унга кўра пойтахт мактабларида дарслар соат 8:00 дан олдин бошланиши мумкин, олий ўқув юртлари ва коллежларда эса 10:00 дан олдин бошланмайди.