Бишкекдаги олий ўқув юртлари ва коллежларнинг талабалари шаҳар ҳокимияти тузган янги ўқув жадвалига қарши петиция эълон қилишди. Унга кўра, ҳозир талабаларнинг дарслари эрталаб соат 10 дан кейин бошланмоқда.
Бишкек мэрияси бундай жадвал «шаҳардаги йўл тирбандлиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради» деб ҳисобламоқда. Бироқ талабалар бу чора уларга ноқулайлик туғдириб, аксинча тирбандликни кўпаяётганини билдирмоқда.
«Тиққанларга талабалар сабабчи эмас, кўпчилигимиз жамоат транспортидан фойдаланамиз. Янги жадвал тирбандлик муаммосини янада кучайтиради, холос», дейди улар.
Қолаверса, талабалар иккинчи сменада таҳсил олаётганларнинг дарслари кечки 8-9ларда тугаб, ишлари билан бирлаштира олмаётганидан шикоят қилишди.
«Талабаларнинг кўпчилиги ишлаб, ўз ҳаёти ва ўқиши учун пул топади. Аммо янги жадвал билан бу деярли мумкин эмас. Биз ўқувчиларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, жадвални қайта кўриб чиқиш ҳамда уларнинг ўқиш ва меҳнат фаолиятига мослаштиришни талаб қиламиз», — дейилади мурожаатномада.
4 сентябрдан бери деярли 900 киши петицияни қўллаб-қувватлади.
Июль ойи Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров Бишкек мактабларида дарсларни 8 дан эрта, олий ўқув юртлари ва коллежларда эса 10дан кейин бошлаш ҳақидаги фармонга қўл қўйган.
Бу ташаббус май ойи охирида Бишкек мэрияси томонидан илгари сурилган эди. Муассаса вакилларининг айтишича, бундай чора тирбандликларни камайтириш ва болалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.