Президентнинг матбуот котиби диний қонун атрофидаги «провокация»ни тўхтатишга чақирди

114

Аскат Алагозов блоггерлардан бирининг даъват қилиш қонун билан тақиқлангани ҳақидаги гапини мисол қилиб келтирди.

«Бундай провокацион баёнотлар ва сўровларга чек қўйиш керак. Дин масаласи жуда нозик. Бундай бузилишларга йўл қўйиш олов билан ўйнаш” билан баробардир. Мамлакатда дин соҳасини тартибга солувчи қонун лойиҳасини даъватга қарши” деб аташ тўғри эмас»,— деб ёзди Facebook саҳифасида.

Алагозовнинг қўшимча қилишича, дин соҳасида мукаммал тушунча ва билимга эга олимлар қонун лойиҳасини муҳокама қилиб, ўз тавсияларини билдирмоқда.

Аввалроқ Дин ишлари бўйича давлат комиссияси «Диний эътиқод эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиққан эди. Унда диний соҳадаги айрим масалалар, жумладан, юзни беркитувчи диний кийим кийиш давлат даражасида назорат қилиниши кераклиги қайд этилган. Бундан ташқари, ташаббускорлар томонидан диний партия ташкил этиш, дин арбобларининг мамлакат сайловларида номзод бўлиши, сайловолди ташвиқотида иштирок этиши ва сайлов фондларини молиялаштиришни тақиқлаш таклифи илгари сурилди.

Бу ташаббус жамиятда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. 5 сентябрь куни Президент Садир Жапаров мазкур қонун лойиҳаси юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда ҳукумат аъзолари, депутатлар, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари, Уламолар кенгаши аъзолари, муфтий вакиллари, таниқли дин арбоблари иштирок этди.

Қонун лойиҳаси янгиланиб, янги таҳрири парламентга тақдим этилиши маълум бўлди. 6 сентябрь куни президент Дин ишлари бўйича давлат комиссияси директори Тўйгонбай Абикаровни ишдан бўшатган эди.