Садир Жапаров: «Клооп Медиа»нинг ёпилиши Қирғизистондаги сўз эркинлигига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди

199

 Қирғизистон президенти Садыр Жапаров давлат ахборот агентлиги «Кабар»га берган интервьюсида «Клооп Медиа» жамоат фондининг тугатилиши — «Клооп»га тегишли юридик томонлардан бири ҳақида изоҳ берди.

Жапаровнинг айтишича, фонднинг тугатилиши ҳақидаги суд қарори ҳақида у оммавий ахборот воситаларидан хабар топган. «Клооп Медиа»нинг ёпилиши мамлакатда сўз эркинлигига салбий таъсир кўрсатадими, деган саволга президент рад жавобини берган.

«30 йил ичида биз анархияни демократияга, миш-мишларни эса сўз эркинлигига алмаштирдик. Ҳозир жамият бу касалликлардан "соғаяпти". Бизда сўз эркинлиги бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Ҳақиқатни гапираётган ҳар қандай кишини қўллаб-қувватлаймиз. Анархия, миш-мишлар ва ёлғон маълумотлар тарқатиш — бу сўз эркинлиги эмас», — деди у.

Президент суд фондни «кимнидир обрўсизлантиришга қаратилган бир томонлама суриштирувлар» туфайли тугатишга қарор қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

«Судлар ҳам асоссиз қарор қабул қилмайди. Сиз ўзингиз ҳам бир неча бор кўргансизки, [«Клооп Медиа»] бир томонлама ва ёлғон материалларни тарқатган», — деди Жапаров, лекин ҳеч қандай аниқ мисол келтирмади.

Президентнинг айтишича, ҳукумат «суриштирув ишлари билан шуғулланувчи барчага» кўмаклашади.

«Бизнинг ягона талабимиз — суриштирув бир томонлама бўлмаслиги керак. Агар кимдир ўғрилик ёки коррупция билан шуғулланса — биз албатта бунга эътибор қаратамиз ва жазолаймиз. Биз ўзимиз ҳам уларнинг ёрдамисиз жазолаяпмиз. Уларнинг суриштирувлари бизга ёрдам бериши мумкин. Лекин улар адолатсизлик, туҳмат, душманлик ва шахсий манфаатлар билан боғлиқ бўлса, биз, албатта, бундай ҳолатни қўллаб-қувватламаймиз», — деди Жапаров. Шунингдек, журналист-суриштирувчи Болот Темировнинг фаолиятини президент шундай изоҳлади: «Темиров ҳовлайди, карвон эса ўтаверади. Биз унинг суриштирувларига эътибор бермаймиз».

2023 йилнинг 28 августида Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш учун Октябрь ва Биринчи май туман судларига даъво аризаси киритган.

Даъво сабаби сифатида «уставда кўзда тутилган доирадан ташқари фаолият юритиш» кўрсатилган. Шу билан бирга, ҳужжатнинг катта қисми «Клооп» нашрининг Қирғизистонга кўрсатган гўёки салбий таъсирига бағишланган.

Суд даъвони қондирган ва яқинда Олий суд қарор чиқариб, фонднинг тугатилишини амалда тасдиқлаган.

«Клооп»нинг ҳаммуассиси Ринат Тухватшин Олий суд қарорини «кутилган» деб атаган. У «Клооп» ўз фаолиятини давом эттиришини, энг чуқур суриштирувлар, энг мувозанатли янгиликлар ва энг кескин мақолаларни чоп этишда давом этишини таъкидлаган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва медиа ҳамжамияти «Клооп»ни ҳимоя қилишга оид баёнотлар билан чиқишган. Улар Қирғизистон ҳукуматини нашрга қарши даъвони қайтаришга, журналистларни таъқиб қилиш ҳамда сўз эркинлигига босим ўтказишни тўхтатишга чақиришган.