Колбаевга тегишли «Ак-Марал» пансионати Божхона хизматига ўтди

147


Марҳум жиноий авторитет Қамчи Колбаевнинг давлат тасарруфига олинган Иссиқкўлдаги «Ак-Марал» пансионати Божхона хизматига ўтказилди. Бу ҳақдаги маълумотни «Клооп» нашрига идоранинг матбуот хизмати тасдиқлади.

Маълумотларга кўра, объект Вазирлар маҳкамасининг фармойиши билан Давлат божхона хизматига топширилган.

«Фақат пансионатнинг ўзи топширилди. У ерда хусусий уйлар ҳам бор, аммо топширилгани фақат пансионат», — деб изоҳ берди Божхона хизмати.

Камчи Колбаев 4 октябрь куни уни қўлга олиш бўйича ўтказилган махсус операция давомида куч ишлатар идоралар томонидан ўлдирилган. Давлат хавфсизлик қўмитаси маълумотларига кўра, махсус хизматлар Колбаевнинг ўтган йилнинг июль ойида СИЗОда содир бўлган рақиб гуруҳ аъзоси Чингиз Жумагулов (лақаби Дев Чингиз)нинг ўлдирилишига алоқадорлигини тергов қилган.

Колбаевнинг ўлдирилиши ортидан, махсус хизматлар маълумотларига кўра, Колбаевнинг уюшган жиноий гуруҳига мансуб 40 дан ортиқ фаол аъзо ва лидерлар қўлга олинган. Шунингдек, Колбаев томонидан ноқонуний йўл билан орттирилган барча активларнинг умумий қиймати тахминан 1 миллиард долларни ташкил этади ва уларга ҳибс қўйилган.