Қирғизистонда савдо айланмасини фақат сомда олиб бориш таклиф қилинмоқда

134

 Жогорку Кенеш депутатлари «Қирғизистон Республикаси миллий валютасида ҳисоб-китоблар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат парламент сайтида эълон қилинди.

Қонун лойиҳасида миллий валюта мақомини мустаҳкамлаш, олди-сотди бўйича барча операцияларни (жумладан, кўчмас мулк, автомобиллар ва қимматли қоғозларни) сўмда амалга ошириш таклиф этилмоқда.

«Ҳозирги кунда республикада ички савдо, асосан, кўчмас мулк, автотранспорт, кредитлар, саёҳатлар ташкил этиш хорижий валютада амалга оширилаётгани миллий валютамиз сўмга босимнинг кучайишига хизмат қилмоқда. Кредитлаш тизимида уй-жойларни бўлиб-бўлиб сотиб олиш жараёнида мамлакатда курс кескин кўтарилиши ёки валюта курси сунъий равишда оширилганда фуқаролар қарзини тўлашда қийинчиликларга дуч келмоқда», деб ёзилган лойиҳанинг изоҳида.

Шунингдек, қонун лойиҳасида товарларнинг ва хизматларнинг нархларини рекламаларда чет эл валютасида кўрсатишни тақиқлаш назарда тутилган.

Ташаббускорлар даромадлари ва харажатлари хорижий валютада бўлган хўжалик юритувчи субъектлар экспорт ва импорт билан боғлиқ савдо фаолиятини хорижий валютада амалга ошириши мумкинлигини таъкидладилар.