Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Эркин Мамбеталиевни ҳибсга олди. Бу маълумотни «Клооп»га мустақил манбалар тасдиқлади.
«Кактус» нашри Мамбеталиевнинг марҳум криминал авторитет Қамчи Кўлбоев билан алоқаси борлигини ёзди. Ижтимоий тармоқларда уни ҳибсга олиш вақтида олингани айтилаётган видео эълон қилинди.
Мамбеталиев биринчи президент Асқар Акаев даврида Алмазбек Атамбаевнинг қўриқчиси бўлган. Бу ҳақда ўша пайтда сиёсатда бўлган Омурбек Суваналиев ва Азимбек Бакназаровлар бир неча бор айтиб, Атамбаевнинг ҳайдовчиси экани айтилаётган Икром Илмиянов билан яхши муносабатда бўлганини айтишган.
Шунингдек, Мамбеталиев марҳум криминал авторитет Риспек Акматбаевнинг уюшган жиноий гуруҳи аъзоси бўлганлиги айтилади.
Атамбаевнинг собиқ қўриқчиси 2004 йилда милиция полковниги Чинибек Алиевнинг ўлимига алоқадорликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
2005 йилда унинг иши кўриб чиқилиб, оқланган.
Мамбеталиев 2006 йилда яна ҳибсга олинган. У депутат Жилғалбек Сурабалдиев, полковник Алиев, Таалай Абасов ва яна беш кишининг ўлимига алоқадорликда айбланган. Суд уни уч кишининг ўлимига алоқадор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. 2010 йилги инқилобдан сўнг унинг иши «янги очилган ҳолатлар» асосида қайта кўриб чиқилди ва у озодликка чиқди.
Аввалроқ, терговчи журналистлар Мамбеталиэвни «Қамчи Қолбаев, Ахматбек Келдибеков (Олий Кенгашнинг собиқ спикери), Байтемир Ибраев (собиқ бош прокурор) кабиларни зиёфатга йиға оладиган одам» дея таърифлаган эди. У улар билан яхши муносабатда эканлигини тасдиқлаган.