Ақилбек Жапаров сел офати кўприк лойиҳачиси сабаб бўлганини билдирди

250

30-июнда Вазирлар маҳкамасининг етакчиси Ақилбек Жапаров Ўш вилоятига бориб, сел оқибатида вафот этганларнинг оилаларидан хабар олди.

У фавқулодда ҳолат оқибатларини бартараф қилиш, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жабрланганларга керакли ёрдамларни кўрсатиш бўйича топширмаларни берди. Шу билан бирга Ақилбек Жапаров тезкор штаб йиғинида Ўш вилоятидаги табиий офатнинг сабабини ҳам айтди.

«“Қизилқия” акционерлик жамияти аввал кўмир қазиб, кўприкни баланд қилиб қўйган. Сув кўприкнинг остида тўпланиб, шу сабабдан сел кучайиб, пастга тошган. Агар кўприклар бунчалик баландлатилмаганда, сув тўпланиб қолмай, секин пастга оқаверган бўларди. Бунинг натижасида биз 10 кишидан айрилдик. Баримиз бу офат деяпмиз, лекин бунинг олдини олса бўларди. Қишлоқ ҳукумати билан ҳокимлар ФҲВнинг ҳужжатларини ўқиши керак. Кўприкларни бир киши лойиҳалаштирган, менга уни топиб келинглар», — деб билдирди Жапаров.

28 июнь куни кучли ёмғир туфайли Ўш вилоятининг Новқат туманидаги бир қатор аҳоли пунктларида сув тошқинлари содир бўлган. Табиий офатдан камида тўққиз киши ҳалок бўлгани, яна бир болани қидириш давом этаётгани маълум. Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳалок бўлганларнинг тўрт нафари вояга етмаган Қозоғистон фуқаролари эканлигини маълум қилган.
Бундан ташқари 30 июнда Қорақулжада сел Deo Matiz автомобилини олиб кетган, ичида бир оиладан беш киши бўлган. 36 ёшдаги киши, унинг хотини, 4 ва 12 ёшдаги болалари ҳалок бўлган, қизи эса омон қолган. Тўрт нафарининг жасадини қутқарувчилар топишган.

Шунингдек сел ўнлаган ховлиларни қоплаб, кўприк, йўл ва электр симёғочларини олиб кетган. Туманда ФҲ режими эълон қилинган.