Қорасув: Журналистлар ҳоким уларга таҳдид қилганини айтишди, воқеа текширилмоқда

242

Ўш вилоятининг милицияси Қорасув туманининг Папан қишлоқ ҳудудида «журналистлар таҳдидга учрагани» ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқаган маълумотни текширмоқда.

«Мазку факт 26 июнда Қорасув туман ИИБга рўйхатга олинган. Текширув давомида мазкур воқеага алоқадор фуқароларнинг шахси аниқланиб, тергов хизматига ўтказилмоқда. Текширув натижаси билан қонуний қарор қабул қилинади», — деб билдиришди вилоят милициясидан.

Сурат: «Кактус Медиа»

24 июнда «Ош ТВ» телеканалининг икки ходими материал тайёрлаш учун Кожокелен қишлоғига кетаётиб, «ҳожи тўй» ўтаётган ерда машиналар тиқинига учраган. Автомобилларнинг орасидан Chevrolet Captiva русумидаги хизмат рақами тақилган Қорасув туманининг ҳокими Темирболот Абикеевга тегишли автомобилни сезишганини айтишади. Медиа ходимлари ҳокимнинг иш вақтида тўйда юрганига қизиқиб савол беришганда, у турғунлар билан учрашувга келганини айтган.

Журналистларнинг маълумотида, у атрофидаги одамлар билан бирга уларнинг телефон ҳамда камераларини куч билан тортиб олиб, видеони ўчиртиришган. Абикеев «Кактус медиа»га берган изоҳида айтилганларнинг барини инкор қилиб, қишлоқ аҳолиси билан учрашув ўтказганини айтган.

Темирболот Абикеев Қорасув ҳокими бўлиб ўтган йили декабрда тайинланган. Унга қадар Чўнг Алай туманини бошқарган. У президентнинг маслаҳатчиси Чолпонбек Абикеевнинг қариндоши.